Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат Суриянинг Ракка шаҳрини ИШИД террорчиларидан озод қилиш бўйича операцияда иштирок этиши мумкинлигини айтди, деб ёзади «Коммерсантъ».
Эрдўғон таъкидлашича, Анқара Россия ҳамда АҚШ раҳбарлигидаги халқаро коалиция билан келишувга эришса, жанговар ҳаракатларда қатнашади.
«Биз Эл-Бабни озод қилиб бўлдик. Энди зарур бўлса, коалиция ва Россия билан келишган ҳолда, Раккага нисбатан чоралар кўришимиз мумкин. Бизнинг Россия билан, иккинчи томондан АҚШ билан келишувларимиз жуда муҳим. Биз аввалгидек бепарво кузатувчи бўлиб қолмаймиз. Агар коалиция ИШИД билан курашишни чин дилдан истаса, келинглар, Раккани ҳам озод этамиз», — деди Туркия президенти Анқарада Покистонга сафаридан олдин уюштирилган матбуот анжуманида.
Ражаб Тоййиб Эрдўғон, шунингдек, Туркия Сурияда қолиш мақсадини кўзламаётганини айтди. Унинг таъкидлашича, Анқара «дўстлари ва суриялик биродарлари» билан аҳилликда яшашга интилмоқда.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)