Фирибгарлар Шимолий Хитойдаги Хэбэй провинцияси, Хандань шаҳар округи расмийларига ўзини Жанубий Кореянинг Hyundai компанияси вакиллари сифатида кўрсатиб, 87 миллион доллар олишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Global Times нашрига кўра, фирибгарлар Гонконгда капитали атиги 50 минг маҳаллий доллар бўлган Hyundai RNC Investment Group компаниясини таъсис этган. 2009 йилда улар Хандань мансабдорларига мазкур шаҳар округига инвестициялар жалб этиш бўйича лойиҳани тақдим қилади. 2011 ва 2013 йилларда эса расмийлар компанияга 600 миллион юань (87,3 миллион доллар атрофида) маблағ ажратади.
Фирибгарларнинг девелоперлик лойиҳаси 666 минг квадрат метр майдонда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш станциялари, шунингдек, Hyundai халқаро кўргазма автомарказини барпо этишни кўзда тутганди. 8 йил давом этган ҳамкорлик мобайнида мансабдорлар компания чиндан ҳам Hyundai’га тегишли эканлигини текшириб кўришга ҳаракат қилмаган.
Ҳозирда компаниянинг Хандандаги барча лойиҳа ва активлари музлатилган, Жанубий Корея компаниясининг Пекиндаги ҳақиқий ваколатхонаси эса ушбу минтақага инвестиция киритмаганлигини маълум қилди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)