«Оскар» кино мукофоти совриндорини аниқлаб берувчи овоз бериш якунларини кузатиб борувчи PriceWaterhouseCoopers (PwC) аудиторлик компаниясининг Америкадаги бўлинмаси раиси Тим Райан мукофотни топшириш маросимидаги чалкашликка инсоний фактор сабабчи бўлгани — «Энг яхши фильм» номинациясида мукофот совриндорини эълон қилувчи кишига конвертни PwC вакили топширганини айтди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.
«Маросим якунида биз инсоний фактор туфайли келиб чиққан хатоликка йўл қўйдик», — деди Райан USA Today нашрига берган интервьюсида. Унинг қўшимча қилишича, улар хатолик юз берганини англаши билан дарҳол бу ҳақда маълум қилишга шошилган.
«Бироз тартибсизлик юзага келди, ва биз саҳнага чиқиб, хатолик ҳақида одамларга эълон қилганимизча, анча вақт ўтиб кетди», — деди Райан.
Аввалроқ PwC хатоликдан азият чеккан иккала фильм яратувчиларидан, бошловчилардан, шунингдек, шоу томошабинларидан узр сўраб, ҳодиса юзасидан текширув ўтказишини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, маросим чоғида саҳнадан «Энг яхши фильм» номинациясида «Ла-Ла Ленд» ғолиб бўлгани ҳақида эълон қилингач, картина продюсери микрофон қаршисига келиб, хатолик юз берганини айтганди. Маълум бўлишича, ташкилотчилар конвертларни чалкаштириб юборган, ва аслида эса энг яхши картина дея «Ой шуъласи» эътироф этилган.
Изоҳ (0)