Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига сафари давомида 24 февраль куни «Шўртан газ-кимё мажмуасининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи (GTL) ишлаб чиқаришни ташкил этиш» ва «Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш» лойиҳалари билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди
Лойиҳа доирасида йилига 3,6 миллиард метр куб табиий газни қайта ишлаш орқали 1,5 миллион тонна юқори сифатли «Евро-5» талабларига жавоб берадиган синтетик ёқилғи ишлаб чиқарилади. Шундан 743 минг тоннаси дизел ёқилғиси, 311 минг тоннаси авиакеросин, 431 минг тоннаси нафта ва 21 минг тоннаси суюлтирилган газни ташкил этади.
Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёев Қарши туманида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги истиқболли лойиҳаларни кўздан кечирди
Қурилиш-монтаж ишлари 2020 йилнинг иккинчи ярмида ниҳоясига етказилиши, заводда қўшимча 682 янги иш ўрни яратилиши мўлжалланган.
Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмалари асосида «Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш» лойиҳаси концепцияси қайтадан кўриб чиқилиб, ишлаб чиқариш жараёнига синтетик нафта хом ашёсини жалб қилиш масаласи ўрганилди.
Лойиҳа ишга тушгач, заводнинг полимер ишлаб чиқариш қуввати мавжуд 125 минг тоннадан 450 минг тоннагача, яъни 3,6 баробарга оширилиши таъминланади. Натижада нефть-кимё йўналишини ривожлантиришга кенг йўл очилади. Биринчи босқичда юқори қийматли хом ашё синтетик нафтани қайта ишлаб, янги турдаги полиэтилен ва полипропилен билан биргаликда пиролиз дистилятини ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёев Қашқадарёда янги қурилаётган объектлар ва ишлаб чиқариш корхоналари лойиҳалари билан танишди
Лойиҳа заводнинг мавжуд майдонида амалга оширилиб, қурилиш ишлари комплекснинг ишлаб чиқариш жараёнига таъсир этмаган ҳолда олиб борилади.
Таъкидлаш жоизки, заводнинг мавжуд интеллектуал ва технологик салоҳиятидан фойдаланган ҳолда қўшимча ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг таннархини сезиларли даражада камайтириш ва инвестициялар самарадорлигини янада оширишга эришилади.
Қурилиш-монтаж ишлари 2020 йилнинг тўртинчи чорагида якунланади ва лойиҳа доирасида 250 янги иш ўрни яратилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон иқтисодий ривожида муҳим ўрин тутадиган ушбу лойиҳаларни молиялаштириш, ускуналарни ўз вақтида келтириш, қурилиш ишларининг «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш, корхоналарни белгиланган муддатларда ишга тушириб, аҳолини иш билан таъминлаш бўйича зарур кўрсатмалар берди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)