Шу кунгача Олимипия шон-шуҳрати музейи директори лавозимида фаолият кўрсатиб келган Рустам Қурбонов янги ташкил этилган Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси этиб тайинланди, дея хабар бермоқда Маданият вазирлиги.
Қайд этишларича, Рустам Қурбонов меҳнат фаолияти давомида бир қатор раҳбар лавозимларда хизмат қилган.
Жумладан, Тошкент шаҳар ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича биринчи ўринбосари, Бектемир тумани ҳокими, Миллий олимпия қўмитаси президенти, «Ўзбектуризм» компанияси раиси, Маданият ва спорт ишлари вазири лавозимида ишлаган.
Қўшимча қилишларича, Рустам Қурбонов 2009 йилдан Олимпия шон-шуҳрати музейи директори лавомизида фаолият кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 15 февралдаги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлигини тугатиб, унинг негизида Ўзбекистон Маданият вазирлиги ва Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитасини ташкил қилиш ҳақида кўрсатма берилган эди.
Аввалроқ Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри директори лавозимида фаолият кўрсатаётган Маҳмуд Муратов Ўзбекистон маданият вазири этиб тайинлангани ҳақида хабар берилган эди.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)