The Heritage Foundation (АҚШ) иқтисодий эркинлик халқаро рейтинги маълумотларини янгилади. Унинг натижалари бўйича Қозоғистон 42-ўринни эгаллаб, Россия ва Беларусни ортда қолдирди, дея хабар беради Kazakhstan Today.
Қозоғистон 100 баллдан (мамлакат иқтисодий эркинлигининг максимал рейтинги) 69 балл тўплади ва ўтган йилги кўрсаткични 5,4 пунктга яхшилашга эришди. Ҳозирда мамлакат рейтингда Ямайка ва Перу билан 42-ўринни бўлишиб турибди.
Бир йил аввал Қозоғистон рейтингда 69-ўринда қайд этилганди. Янгиланган рўйхатда мамлакат Польша, Руминия, Бельгия ва Туркия каби давлатлардан ўзиб кетди.
Маълумот учун, халқаро рейтинг тузувчилари мамлакат иқтисодиётини мулк ҳуқуқи кафолатлари, коррупциядан ҳимоя, бюджет харажатларининг самарадорлиги ва шаффофлиги, савдо-сотиқ эркинлиги, меҳнат бозорининг мослашувчанлиги каби 10 та кўрсаткич бўйича баҳолайди. «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)