АҚШнинг Невада штати Лас-Вегас шаҳри фуқароси Родни Кэннон полицияга канадалик хонанда Жастин Бибер ва унинг соқчилари уни дўппослагани ҳақида ариза берди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Хабарда қайд этилишича, Кэннон Огайо штати Кливленд шаҳри ҳуқуқ-тартибот ходимларига мурожаат қилган. Эркакнинг айтишича, ҳодиса июнь ойида, Кливленддаги меҳмонхоналардан бирида содир бўлди. Хонанда ширакайф ҳолда Кэннон ўтирган столга келиб, унга тегишли бўлган кўзойнакни тақиб олди. Кэннон қўшиқчини суратга ола бошлади, бу эса Биберга ёқмади.
Шундан сўнг йигитлар ўртасида можаро келиб чиқди. Жанжал вақтида хонанда Кэнноннинг юзига уч марта мушт туширди. Кейинроқ Бибернинг соқчилари ҳам қўшилди ва Кэннонга бир нечта зарба берди. Ҳужжатларда қайд этилишича, жанжал натижасида Кэннон жиддий жароҳат олган. Унинг кўзойнаги қайтариб берилмади, телефони эса бузилган.
Кэннон нима учун бўлиб ўтган воқеа ҳақида полиция ходимларига бир неча ой ўтиб маълум қилгани қайд этилмаган. Биберга айблов қўйилгани борасида ҳеч қандай маълумот келиб тушмаган. Хонанданинг расмий вакиллари ҳодиса юзасидан изоҳ бермаган.
Мавзуга доир: Жастин Бибер мухлисининг юзига мушт туширди (видео)
2014 йили Оқ уй расмий сайтида АҚШ ҳукуматини Биберни мамлакатда яшаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, АҚШдан чиқариб юборишга чақирилган петиция эълон қилинганди. Ҳужжат 200 мингдан зиёд киши томонидан имзоланди, аммо АҚШ маъмурияти томонидан бу ҳолатга расмий изоҳ берилмади.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!
Изоҳ (0)