2017 йил 7 февраль куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фойесида ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллигига бағишланган «Фасоҳат мулкининг соҳибқирони» деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди. Бу ҳақда кутубхона матбуот хизмати хабар берди.
Кўргазмада Алишер Навоийнинг кўп жилдли асарлари, унинг асарларига шарҳлар, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий фаолиятига, унинг фалсафий фикрларига оид турли йилларда чоп этилган китоблар намойиш этилмоқда.
Шунингдек, мазкур кўргазмада фойдаланувчилар эътиборига дунё тилларига таржима қилинган Навоийнинг танланган асарлари, ғазаллари, рубоийлари, ўз асарлари изоҳи, ижтимоий-фалсафий ва ахлоқий ғояларга йўғрилган ҳикматлари ва турли афоризм, мақол ва маталлари тақдим этилган. Унинг 3000 мингдан зиёд шеърлари, достонлари, мажозий услубда битилган ғазал, рубоийлари ва илмий қарашлари XV аср охирларида Ўрта Осиёдаги маънавий ҳаётни ёритиб беради.
Шунингдек, кўргазмада Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Иззат Султон ва бошқа шоирлар томонидан турли даврларда Алишер Навоий ҳақида ёзилган асарлар ўрин эгаллаган.
Кўргазмага ташриф буюрган фойдаланувчилар Ўзбекистон Миллий кутубхонаси китоб фондида мавжуд Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига дахлдор адабиётлар билан танишади.
Изоҳ (0)