АҚШ давлат котиби Рекс Тиллерсон КХДР муаммосига янгича ёндашувни шакллантириш зарурлигини маълум қилди. Бу ҳақда 9 февраль, пайшанба куни «Рёнхап» агентлиги маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Тиллерсоннинг таъкидлашича, бу ёндашув, жумладан, ҳарбий кучларни қўллаш таҳдидини ўз ичига олиши лозим.
«Шимолий Корея ҳудудий ва дунё хавфсизлигининг асосий таҳдидларидан биридир. Агар давлат котиблик лавозимига тасдиқлансам, ҳамкасбларим билан биргаликда янгича ёндашувни ишлаб чиқмоқчиман. У Пхеньян томонидан таҳдидлар олдини олиш учун фаол ҳаракатлар қўллаш имконини беради», — деб ёзади Тиллерсон сенатор Бен Кардинга жавоб мактубида.
«АҚШ янги стратегияни ишлаб чиқишда барча вариантларни — ҳарбий кучларни қўллаш таҳдидидан тортиб муаммони дипломатик йўл билан ҳал этишни кўриб чиқиши лозим», — деб қўшимча қилди Тиллерсон.
У, шунингдек, стратегиянинг калити Япония ва Жанубий Корея билан яқин ҳамкорлик эканлигини таъкидлади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)