Ўзбекистон Мустақиллигининг 26 йиллиги тантаналаригача Тошкент Жанубий вокзали тубдан таъмирланади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси хабар бермоқда.
«Боштранслойиҳа» АЖ томонидан лойиҳалаштирилган Тошкент Жанубий вокзалининг янги биноси «хайтек» (hi-tech) усулда барпо этилади. Бино бир суткада 10 минг кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.
Бинонинг ташқи кўриниши оқ рангда бўлиб, нақшлар керамика ва сунъий тошлар билан безатилади. Вокзал бир қаватли бўлиб, Тошкент шаҳар иқлимини инобатга олган ҳолда иситиш ва совутиш тизимларига алоҳида эътибор қаратилган.
«Бу ерда йўловчиларга кўплаб қулайликлар яратилади. Шунингдек, жаҳон андозаларига мос юқори сервис хизмати кўрсатишга мўлжалланган VIP-зал режалаштирилган», — дейилади компания ахборотида.
Иншоотнинг ҳар икки томонида авто тураргоҳлар барпо этилади. Темирйўл кассалари бино ташқарисидан жой олган бўлиб, замонавий тарзда қурилади.
Шу кунгача бу ердан фақат шаҳарлараро йўналишларда қатновлар амалга оширилган бўлса, эндиликда бир қатор маҳаллий йўналишлар «Тошкент–Жанубий» вокзалидан амалга оширилади.
Маълумот учун, бугунги кунгача Ўзбекистонда 17 та янги темир йўл вокзали барпо этилди ва 8 та вокзал қайта реконструкция қилинди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)