Yahoo! компанияси асосий бизнесини Американинг Verizon Communications компаниясига сотиш бўйича олди-сотди битими 2017 йилнинг иккинчи чорагида ёпилишини маълум қилди, деб ёзади «Ведомости». Аввалроқ томонлар олди-сотди битимини биринчи чоракда имзолаши тахмин этилган эди.
Аммо Yahoo! оммавий хакерлик ҳужумлари аломатлари аниқлангани ҳақида икки марта хабар беришга мажбур бўлгач, олди-сотди амалга ошиши бўйича шубҳалар ҳам уйғонган эди. Бундай хакерлик ҳужумларидан бири натижасида 1 миллиарддан зиёд фойдаланувчининг маълумотлари қўлга киритилган бўлиши мумкин.
23 январь куни эса Yahoo! компаниясининг ўзи чораклик ҳисоботини тақдим этиш билан бирга, Verizon билан олди-сотди якунланадиган муддатни эълон қилди. Таъкидланишича, ҳисобот натижалари бозор кутганидан яхшироқ бўлиб чиққан. Шунингдек, ҳисоботга кўра, компания ҳар иккала хакерлик ҳужумлари оқибатларини бартараф этишга 10 миллион долларга яқин маблағ сарфлаган.
Изоҳ (0)