Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат мусиқали театрида ўзбек кино санъати усталари томонидан яратилган «Устюртга йўл» номли бадиий фильм тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар беради ЎзА.
Сурғил кони негизида барпо этилган Устюрт газ-кимё мажмуаси ҳақида ўзбек кинематографчилари томонидан яратилган ушбу фильмни томошабинлар самимий кутиб олди. Тадбирда ижодий ва илмий соҳалар зиёлилари, нефть ва газ тармоғи мутахассислари, талаба-ёшлар иштирок этди.
«Ўзбеккино» миллий агентлиги, «Қорақалпоқфильм» студияси, «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида суратга олинган «Устюртга йўл» бадиий фильми адиблар Гулистон Аннақличева ва Абдуқаюм Йўлдошев сценарийси асосида режиссёр, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдувоҳид Ғаниев томонидан суратга олинган.
Фильм Сурғил кони негизида Устюрт газ-кимё мажмуасининг яратилиш тарихи, улкан лойиҳа ва унинг амалга оширилиши, бу ерда меҳнат қилаётган ёш мутахассислар фаолияти ҳақида ҳикоя қилади.
Кинокартинада Минажиддин Узоқбоев, Акбархўжа Расулов, Адиз Ражабов, Наргиза Саломонова, Шаҳзода Матчонова, Кўпжурсин Алланазаров, Абдураим Абдуваҳобов каби актёрлар талқинида гавдаланган қаҳрамонлар тимсолида қурилишда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари акс эттирилган.
Тақдимот маросимида «Аср қурилиши» номли ҳужжатли фильм ҳам намойиш этилди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)