Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев россиялик ҳамкасби Юрий Чайка билан Москвада музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Россия Бош прокуратураси матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар беради UzDaily.
Юрий Чайка Ўзбекистон ва Россия прокуратураларининг ҳамкорлиги юқори даражадаги ишонч ҳамда ўзаро қўллаб-қувватлашга асослангани, бу ҳамкорлик БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Халқаро прокурорлар ассоциацияси доирасидаги тадбирларда ҳам ўз аксини топаётганини қайд этди.
Ўзбекистон ва Россия прокуратуралари жиноий суд жараёни, одам савдоси, ҳуқуқий билимларни тарқатиш борасида доимий асосда тажриба алмашиб туриши таъкидланди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Россия прокуратураларининг ўзаро ҳамкорлиги истиқболлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг МДҲ бош прокурорлари мувофиқлаштирувчи кенгашидаги иштироки муҳокама қилинди.
Тадбир давомида кадрлар тайёрлаш масаласида Россия Федерацияси Бош прокуратураси академияси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси олий курслари ўртасида ўзаро англашинув ва ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)