«Халқ сўзи» мухбири Республика Хотин-қизлар қўмитаси олдида турган энг долзарб вазифалар нималардан иборат эканлиги, ташкилот фаолиятининг қайси жиҳатларини давр талабидан келиб чиққан ҳолда янгилаш, ривожлантириш зарурлиги хусусида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, қўмита раиси Танзила Нарбаева билан суҳбатлашди.
— Танзила Камаловна, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси айни пайтда мамлакат Бош вазирининг ўринбосари ҳисобланиши давлат томонидан хотин-қизлар масаласига эътибор намунаси бўлиши билан бирга, албатта, мазкур ташкилотга бўлган катта ишонч ҳамдир. Ҳозирги вақтда мамлакат ва жамият ҳаётида бўлаётган ислоҳот ва ўзгаришларда олдингизда турган асосий вазифалар ҳақида тўхталиб ўцангиз.
— 2017 йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилиниши барчамизга бирдек масъулият юклайди. Бугун рақам йиғиб, фақат ҳисобот тузиш йўли билан ишлаб бўлмайди. Ҳар биримиз фуқароларнинг ўзи танлаган соҳадан мамнун бўлиб ишлаши, уйига ҳам худди шу кайфиятда қайтиши, сирасини айтганда, ҳар бир инсоннинг ҳам моддий, ҳам маънавий эҳтиёжларининг таъминланиши учун зарур шароитларни яратишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз даркор.
Ушбу мақсадларда оилаларга кириб борган ҳолда улар турмуши даражасини комплекс ўрганишнинг тизимли механизмини яратиш асосий мақсадларимиздан биридир. Бу орқали ҳар бир оила аъзосининг ижтимоий ҳолати, саломатлиги, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиши, болалар тарбиясининг тўғри йўлга қўйилиши, оила бюджетини кўпайтириш масалалари, бунда мазкур оила истиқомат қилаётган ҳудуддаги маҳалла, таълим-тарбия муассасаси, хотин-қизлар қўмитаси, банклар ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигини чуқур ўрганиш ишларини амалга оширишни мақсад қилганмиз. Энг муҳими, одамлар билан мулоқот интенсив ва кенг қамровли бўлиши лозим.
— Сизнингча, оилалар даромадларини оширишда қайси соҳаларга эътиборни кучайтириш керак?
— Аввало, жойларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, касаначилик асосидаги иш ўринларини яратиш, коллеж битирувчиларининг ўз ишини бошлашида кўмаклашиш масалаларида амалий ёрдам кўрсатилиши зарур. Бунда тегишли давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти уйғунлигининг таъминланиши мақсадга мувофиқдир. Бинобарин, мамлакатимизда қабул қилинган «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги Қонун ҳам жамиятда мавжуд ижтимоий масалаларни ҳал этишда самарадорликка эришиш, унинг барқарорлиги, ривожланиши, унумли ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлашга йўналтирилгани билан янада аҳамиятлидир.
— Маълумки, хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Мазкур жараёнда Хотин-қизлар қўмитасининг ўрни қандай?
— Ҳақиқатан ҳам, ушбу масала давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган. Хотин-қизлар қўмитаси бу борада, энг аввало, соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда етакчи куч бўлиши керак. Чунки қайсики оилада соғлом муҳит шаклланган бўлса, бу масканда, албатта, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий барқарорлик ҳам бўлади. Бу жараёнда «Таълим муассасаси — оила — маҳалла» ҳамкорлигини тубдан қайта кўриб чиқишимиз ва талаб даражасида ишловчи ҳамкорлик механизмини яратишимиз бугунги кун талабидир.
Соғлом турмуш тарзини қарор топтиришнинг яна бир муҳим омили — хотин-қизлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш ҳисобланади. Бу борада ҳам биргина тадбир ўтказиш билан чекланмасдан, маҳаллаларда, оилаларда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш масаласини кундалик эҳтиёжга айлантириш чора-тадбирларини кўришимиз лозим. Бунда кўпроқ чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган опа-сингилларимиз, уюшмаган аҳоли вакилларига эътиборни кучайтирсак, янада мақсадга мувофиқ бўлади.
— Бугун мамлакатимизда хотин-қизлар масалалари бўйича иш олиб борувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари сони кўпайиб бормоқда. Бу тобора ривож топаётган фуқаролик жамиятига хос хусусият, албатта. Бироқ яна бир муҳим жиҳат борки, бу улар фаолиятининг сифати ва самарадорлиги масаласидир.
— «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» тамойилининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида бугун ижтимоий масалалар, шу жумладан, хотин-қизлар масалаларида фаолият юритадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари сони ҳам ортиб бормоқда. 2016 йилда бундай ташкилотлар сони 295 тага етди. Уларга давлат бюджетидан мунтазам грантлар ажратиб келинмоқда.
Республика Хотин-қизлар қўмитаси хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини тўғри йўналтириши, уларга давлат томонидан кенг имкониятлар яратган ҳолда ажратилаётган грант маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланишини таъминлаши, жойлардаги муаммоларни ҳал этишда улар имкониятларидан самарали фойдаланиш ишларини мувофиқлаштириши жуда муҳим.
— Бугун давлат раҳбари томонидан қўйилган талаблар давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини оширишни ҳам тақозо этади. Шу хусусда ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Президент томонидан ҳар бир ташкилот олдига қўйилаётган талаблар ижросида хотин-қизлар фаоллиги ҳам муҳимдир. Чунки бугун иқтисодиётнинг турли тармоқларида ва ижтимоий соҳаларда меҳнат қилаётган аҳолининг ярмини хотин-қизлар ташкил этади.
Шу билан бирга, давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизларнинг улушини ошириш ҳам долзарб аҳамиятга эгадир. Хусусан, депутатликка номзодлар кўрсатишда давлат томонидан хотин-қизлар учун белгиланган 30 фоизлик квотани бевосита салоҳиятли раҳбар аёлларни тайёрлаш, жамият ҳаётида улар фаоллигини ошириш масаласига ҳам татбиқ этилиши мақсадга мувофиқ. Бунинг учун зарур шароитларни яратиш, турли соҳаларда меҳнат қилаётган хотин-қизлар салоҳиятини кучайтиришда бевосита қўмита фаоллигини кучайтириш зарур.
— Жамиятимизда кўзга кўринган таниқли аёллар, хусусан, олима ва ижодкор аёлларни қўллаб-қувватлаш масаласи ҳам режангиздан ўрин олганми?
— Бугунги кунда мамлакатимизда фан доктори илмий унвонига эга бўлган хотин-қизлар сони 510 дан зиёдни, фан номзодлари — қарийб 5 минг нафарни, академик аёллар сони 6 нафарни ташкил этмоқда. 15 нафар фаол ва ибратли аёлларимиз давлатимизнинг энг нуфузли мукофоти — «Ўзбекистон қаҳрамони» унвонига сазовор бўлган.
Шунингдек, Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган қизларимизнинг кейинги фаолиятини кучайтириш, мамлакат кадрлар захирасини малакали мутахассислар билан бойитиш ҳам диққат марказимизда бўлади. Айни кунда бундай юксак мукофотга сазовор бўлган қизларимиз сони 240 нафарга етди. Совриндорлар орасида фан номзодлари, турли соҳаларда етакчилик қилаётган қизлар ҳам бор. Уларнинг 20 нафарга яқини Президент, Навоий, Ибн Сино стипендиялари совриндорлари, 44 нафари спортнинг турли йўналишлари бўйича Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионларидир.
Умуман айтганда, оқила, меҳрибон, фидойи опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш, ҳаётдан мамнун бўлиб яшашларини кафолатлаш, уларнинг оиладаги ўрни, жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш борасида Президент томонидан бизнинг олдимизга қўйилган вазифаларни бажариш, бунда давлат идоралари, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари билан биргаликда ижтимоий шериклик муносабатларига таянган ҳолда фаол иш олиб боришимиз мақсадга мувофиқдир.
Айниқса, қизлар — бўлғуси оналарнинг юксак маънавиятга, етарли билим ва кўникмага эга бўлишларини таъминлаш, касб-ҳунар эгаллашларига кўмаклашиш ишларига янада жиддийроқ ёндашишимиз зарур.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)