Тошкентнинг «Локомотив» клуби сафида Ўзбекистон чемпионлиги ва мамлакат кубогини қўлга киритган, Осиё чемпионлар лигасида чорак финалга қадар етиб борган Санжар Шоаҳмедов фаолиятини Қатарнинг «Ас-Сайлия» клубида давом эттиради. Бу ҳақда «Локомотив»нинг Telegram’даги канали маълумот берди.
Аввалроқ ўзбекистонлик футбол агенти Санъат Шарипов «Локомотив»нинг икки нафар футболчиси Қатарга кўчиб ўтиши ҳақида маълум қилганди. Шундан кейин Олий лига—2016 тўпурари Темурхўжа Абдухолиқов «Ас-Сайлия» клуби билан келишувга эришди. 17 январь куни эса Санжар Шоаҳмедовнинг ҳам шу жамоа сафида тўп суриши ойдинлашди.
Маълумот учун, 14 та жамоа иштирок этадиган Қатар Юлдузлар лигасида «Ас-Сайлия» 16-турдан кейин 11-ўринни эгаллаб турибди. Мана шу клуб Темурхўжа Абдухолиқов билан бўлгани каби, Санжар Шоаҳмедов билан ҳам 1,5 йиллик келишувга эришди.
Шу тариқа Қатар Юлдузлар лигасида тўп сурадиган ўзбекистонликлар сони 4 нафарга етди. Сардор Рашидов «Ал-Жаиш» клуби шарафини ҳимоя қилса, Санжар Турсунов «Ал-Ҳарайтият» аъзоси ҳисобланади.
Ўзбекистон чемпиони бўлган «Локомотив» эса қишки трансфер бозорининг ўзида уч етакчи футболчиси билан хайрлашди. Темурхўжа Абдухолиқов ва Санжар Шоаҳмедовдан олдинроқ Сервер Жепаров Эроннинг «Истиқлол» клуби сафига бориб қўшилганди.
Изоҳ (0)