АҚШ президенти Барак Обама ўзини учинчи президентлик муддатига сайланиш имконияти бўлганида, президентлик сайловларида ғалаба қозонган бўларди, деб ҳисоблайди, чунки кўплаб америкаликлар у билан бир хил қарашга эга. Бундай фикрни у CNN телекомпаниясига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Обаманинг сўзларига кўра, кўпчилик америкаликлар «бағрикенглик, хилма-хиллик ва очиқликка асосланган, ғайратга ва шиддатга тўла Америка бирлигига ҳақиқатан ишонади». «Ишонаманки, президент лавозими учун курашда яна бир бора қатнашиб, ушбу фикрларга урғу берганимда, мен америкаликларни ушбу ғоя атрофида бирлаштира олган бўлардим», — деди у ва унинг ишончи «бутун дунё бўйлаб одамлар билан, ҳатто унинг фикрига қўшилмайдиганлари билан ҳам суҳбатларга» асосланишини қўшиб қўйди.
Демократик партиядан президентликка номзод Ҳиллари Клинтоннинг мағлубияти ҳақида гапирар экан, Обама бунга собиқ давлат котибининг матбуот билан мулоқотида юзага келган муаммолар сабаблардан бири бўлиб хизмат қилганини айтди.
Изоҳ (0)