Хитой Футбол Федерацияси мамлакат Супер Лигасида тўп сурувчи легионерлар сонини камайтириш учун ҳаракат бошлади, деб хабар берди «Sports.ru».
Goal нашрига асосланилишича, Хитой осиёлик бўлмаган хорижий футболчилар сонини 1 та жамоада максимум 3 нафар қилиб белгиламоқчи. Бунга қадар эса Супер Лига клублари 5 нафар хорижлик футболчини мамлактага олиб келиши мумкин эди. Шарти — улардан бири осиёлик бўлиши керак.
Осиё Чемпионлар Лигасида легионер футболчилар 3+1 кўринишида рўйхатга олинади. Яъни, 3 нафар хорижий ва 1 нафар осиёлик футболчи. Хитой ҳам айнан шу йўлдан бориш ниятида.
Хитой Супер Лигасида 2000 йилга қадар ҳам хорижий футболчиларга нисбатан чеклов 3 та бўлган, кейин эса 1 та қўшимча квота берилган. Қайд этиш керак, Ўзбекистон Олий Лигаси ҳам ОФК белгилаб қўйган 3+1 лимитини афзал билган.
Айни вақтда Хитой Супер Лигасининг икки клуби осиёлик футболчи хизматидан фойдаланишда ўзбекистонликларга ишонч билдирган. Анзур Исмоилов «Чанчунг Ятаи» сафида, Егор Кримец эса «Бейцзинг Гоан» сафида тўп суради. Ҳар икки футболчи ҳимоя чизиғи вакиллари ҳисобланади.
Ўзбекистонлик ҳужумчи Игорь Сергеевнинг Хитойдаги фаолияти муваффақиятли бўлмади. «Бейцзинг Гоан» ярим йиллик синовдан кейин уни Тошкентга қайтариб юборди. Айни вақтда «Шандонг Лунен» клуби Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Одил Аҳмедовни сотиб олишга ҳаракат қилмоқда.
Изоҳ (0)