Қирғизистоннинг «Азия Микс» жамоаси КВНнинг жорий мавсуми чемпионига айланди. Бу ҳақда «Қувноқлар ва зукколар клуби»нинг расмий сайтида маълумот берилган.
Танлов финалида беш жамоа иштирок этди, қирғизистонликларга «Спарта» (Остона), «Радио Свобода» (Ярославл), Мурманск шаҳри термаси ва Москва цирки термалари рақиблик қилди.
Уч босқич якунларига кўра, «Азия Микс» 10,9 балл, «Спарта» 10,6 балл, Мурманск термаси 10,4 балл, Москва цирки термаси 10,2 балл, «Радио Свобода» эса 9,5 балл тўплади.
Қайд этишларича, «Азия Микс» КВН финалида ғолибликни қўлга киритган Осиёнинг илк жамоаси бўлди. Мазкур жамоа таркибида ўзбекистонлик актриса Ситора Фармонова ҳам бор эди.
«Ура! Биз чемпионмиз! Менинг ажойиб жамоамга, Масляков (КВН бошловчиси)га раҳмат!», — деб ёзди Ситора Фармонова КВНдаги ғолибликдан сўнг Instagram’даги саҳифасида.
https://www.instagram.com/p/BOX20AAgfIo/?taken-by=farmonova
Маълумот учун, актриса Ситора Фармонова 2015 йилдан Бишкекнинг «Азия Микс» жамоаси таркибида КВН мусобақаларида иштирок этиб келмоқда. «Мен КВН билан касалланганман. КВН борида, мен ҳамма нарсани: сафарлар, гастроллар, тасвирга олиш ишларини қолдираман ё бекор қиламан», — дейди актриса.
Бишкекнинг «Азия Микс» жамоаси 2011 йилда тузилган бўлиб, 2015 йилда жамоа таркиби янгиланган.Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)