2016 йилги мавсумда Ўзбекистон Олий Лигасини 3-ўринда якунлаган ва мамлакат кубоги финалига қадар етиб борган Қаршининг «Насаф» клубини бирданига 9 нафар футболчи тарк этиши мумкин. Бу ҳақда «Championat.asia» нашри маълумот берди.
Аввалроқ «Насаф» 2016 йилнинг 2-даврасида клубга келиб қўшилган Огнен Красични жамоада олиб қолмаганди. Красичнинг ўзи бу борада «Насаф» янги шартнома таклиф қилмаганини билдирган. Кейинроқ эса Фозил Мусаев Япониянинг «Жубило Ивата» клуби билан шартнома имзолади.
«Championat.asia»даги хабарда айтилишича, «Насаф» раҳбарияти яна 9 нафар футболчи билан янги шартнома шартлари борасида келишувга эришмаган: Элдорбек Суюнов, Шерзод Аъзамов, Шуҳрат Муҳаммадиев, Фарруҳ Сайфиев, Игорь Голбан, Дилшод Раҳматуллаев, Баҳром Абдураҳимов, Азамат Алланиязов, Илдар Маматказин ва Шаҳбоз Эркинов. Кўринишидан бу футболчилар янги мавсумни бошқа клублар сафида бошлайди.
Клубни қайси футболчилар тарк этгани борасида «Насаф» матбуот хизмати хабар бермаган. Номлари келтириб ўтилган футболчилар жамоанинг асосий фигуралари ҳисобланади.
Маълумот учун, «Насаф» Олий Лига—2016 нинг иккинчи даврасида жамоанинг икки етакчиси — Артур Геворкян ва Эркин Бойдуллаевни ҳам сақлаб қола олмаганди. Геворкян Тошкентнинг «Локомотив» клуби билан шартнома имзолаган бўлса, Бойдуллаев «Қизилқум» вариантини афзал билганди.
Изоҳ (0)