Германиянинг Volkswagen автоконцерни АҚШда экология меъёрлари кенг кўламда бузилишига тегишли баҳсли масалалардан бири доирасида 1 миллиард доллар тўлайди, деб ёзади «ТАСС» АҚШ Атроф-муҳит муҳофазаси агентлиги вакилига таяниб.
Автоконцерн ҳамда Америка ҳукумат органлари ва АҚШдаги Volkswagen машиналари эгаларининг адвокатлари ўртасида келишувга эришилгани ҳақида федерал судья Чарльз Брейер маълум қилди.
Volkswagen компаниянинг жами 80 мингга яқин уч литрли дизель двигателли автомобилларини сотиб олган АҚШ фуқароларига товон пули тўлашга рози бўлди.
Бундан ташқари, автоконцерн транспорт воситаларини ўз ҳисобидан таъмирлаб беришни зиммасига олди. Германия компанияси, шунингдек, ушбу транспорт воситаларининг камида 20 мингтасини сотиб олишга тайёр.
Брейер сўзларига кўра, бир қатор тафсилотларни тартибга солиш қолган, холос. Ушбу масала муҳокама қилинадиган кейинги мажлис 22 декабрга белгиланган.
Изоҳ (0)