Қорақалпоғистон Республикаси кўп тармоқли тиббиёт маркази жарроҳлик бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Бинонинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари О. Ҳамроев, Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Д. Ҳожиев ва бошқалар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, даволаш-профилактика муассасалари, жумладан, туман тиббиёт бирлашмалари, қишлоқ врачлик пунктларини янгидан қуриш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш, замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Инвестиция дастурига кўра 2016 йилнинг февраль ойида қурилиши бошланган жарроҳлик бўлими биноси «Шўрахон қурилиш-монтаж» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан бунёд этилди.
Тўрт қаватли ва 165 ўринга мўлжалланган янги шифо масканида жарроҳлик блоки, нейрохирургия, жароҳат оқибатлари ва ортопедия, кўкрак қафаси ва қон томирлари жарроҳлиги, отоларингология ва юз-жағ жарроҳлиги бўлимлари жойлашган. Замонавий жиҳозланган бинода бемор ва шифокорлар учун барча қулайлик яратилган.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «Саломатлик-3» лойиҳаси асосида келтирилган 6 дона «Nissan» тез ёрдам машинаси Амударё, Тўрткўл, Қанликўл, Чимбой ва Тахтакўпир туманлари тиббиёт бирлашмаларига топширилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қ. Сариев сўзга чиқди.
Изоҳ (0)