Хитойнинг Zhuhai Singyes Green Building Technology компанияси Самарқандда Марказий Осиёда биринчи фотоэлектр станцияни қуриш бўйича тендерда ғолиб чиқди. Бу ҳақда «Ўзбекэнерго» АЖ матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар беради UzDaily.
Мазкур тендер 2014 йил октябрида эълон қилинганди. Қурилиш муддати 2 йилни ташкил этиши мумкин. Қуввати 100 мегаватт бўлган гелиостанция йилига 200 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқиши кутилмоқда.
Жами қиймати 275,8 миллион доллар бўлган лойиҳани молиялаштириш Осиё тараққиёт банкининг 110 миллион доллар миқдоридаги кредити, шунингдек, Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт фонди ҳамда «Ўзбекэнерго» АЖ маблағи ҳисобидан амалга оширилади.
Маълумот учун, 2020 йилга келиб Ўзбекистонда умумий қуввати 300 мегаватт бўлган 3 та (Самарқанддан ташқари, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида ҳам) гелиостанция қурилади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)