Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида Абдулла Арипов Ўзбекистон Республикаси бош вазири этиб тасдиқланди. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати 14 декабрь, чоршанба куни қўшма мажлис ўтказди. Унда сайланган президент Шавкат Мирзиёев қасамёд келтирди ва лавозимига киришди.
Мажлисда, шунингдек, мамлакатнинг янги бош вазирини тайинлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев парламент кўриб чиқиши учун ҳозирда бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Абдулла Арипов номзодини тақдим этди.
Абдулла Арипов депутатлар ва сенаторларга ҳукуматнинг яқин муддат ҳамда истиқболдаги ҳаракат дастурини тақдим этди.
Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари Абдулла Арипов номзодини тасдиқлади.
Эслатиб ўтамиз, 12 декабрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши бош вазир лавозимига Абдулла Арипов номзодини тақдим этганди.
Конституцияга биноан, Ўзбекистон бош вазири номзоди Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Президентига кўриб чиқиш учун тақдим этилади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)