Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Хатамжон Кетмоновнинг ишончли вакили Р. Козимова Когон шаҳри ва тумани сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ишончли вакил иштирокчиларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастури билан таништирди.
Дастурда мамлакатда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашда оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш, корхоналар таснифига «ўрта корхона» тушунчасини киритиш, яъни йирик, ўрта ва кичик корхоналар мезонларини белгилаш, кичик корхоналарнинг йириклашиши ва янада ривожланишига хизмат қиладиган солиқ ва имтиёзлар тизимини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилган.
Қурилиш ташкилотларининг моддий-техник таъминотини яхшилаш, соҳага янги технологияларни кенг жорий қилиш, малакали мутахассисларни ёллашга имконият берувчи шароитлар яратиш мақсадида солиқ юкини камайтириш, янги иш ўринлари яратиш, бунинг учун мунтазам ўтказиладиган иш ўринлари ярмаркаларини янада кенгайтириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини тузишда жорий ва истиқболдаги тараққиёт йўналишларини тўғри ва аниқ белгилаб олишга алоҳида эътибор қаратилган.
Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ўзини ўзи мустақил иш билан таъминлаш ҳамда якка тартибдаги меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш учун мақбул шароитлар яратиш мақсадида имтиёзли микрокредитлар ажратиш амалиётини кенгайтириш, ўз бизнесини очишда белгиланган йиғимлардан, фаолиятини тўлиқ йўлга қўйгунга қадар солиқлардан озод қилиш муддатини узайтириш таклиф этилган.
Учрашувда Когон шаҳридаги «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Г. Сувонова, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг Бухоро локомотив депоси бош ҳисобчиси Ш. Ҳожиев, Когон туманидан партия фаоли И. Эргашева ва бошқалар Президентликка номзоднинг сайловолди дастури юзасидан ўз фикрини билдирди.
Тадбирда сайловчиларни қизиқтирган саволларга ишончли вакил томонидан жавоб қайтарилди.
Изоҳ (0)