Колумбияда 29 ноябрга ўтар кечаси бортида Бразилиянинг «Шапекоэнсе» футболчилари бўлган самолётнинг ҳалокатга учраши олдидан учувчи Микел Кирога ҳаво ҳаракати бошқармасидан ёрдам сўрагани ва электроника мосламалари ишдан чиққани ҳақида гапиргани маълум бўлди. Бу ҳақда, Mirror нашрига таяниб, «Газета.ru» хабар бермоқда.
«GPS ишламаяпти, нима бўлаётганини тушунмаяпман. Электроника мосламалари ишдан чиқди, бутунлай ишдан чиқди! Ерга қўниш учун координата беринглар! Радар билан алоқа йўқолди. Ерга қўниш учун координата беринглар! Биз қулаяпмиз. Учиш йўлакчасининг координаталарини беринглар! Биз 300 метр баландликдамиз», – деган эди Кирога алоқа узилишидан аввал.
Бундан ташқари, Futbolred нашрининг қайд этишича, ҳаво кемаси экипажи ҳалокат олдидан ёқилғи етишмовчилиги ҳақида маълум қилган.
«Биринчилардан бўлиб қўнишга сўров жўнатяпмиз, ёқилғи билан муаммолар бор», – деган учувчилардан бири.
Аввалроқ Колумбияда ҳалокатга учраган Боливиянинг Lamia авиакомпаниясига тегишли самолётнинг иккита «қора қутиси» топилгани ҳақида хабар берилганди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)