Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти (ФЖШМҚМИ) расмий сайтида Ўзбекистон Президенти сайлови бўйича сайловолди кампанияси мониторинги натижаларига бағишланган жорий ҳисобот эълон қилинди.
ФЖШМҚМИ 15 сентябрдан сайловолди кампанияси мониторингига киришган эди. Мониторинг институт мутахассиларининг Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқи ва амалиётининг ривожланишини мустақил ва тизимли тадқиқ этиш бўйича олиб бораётган ишларининг бир қисми бўлди.
Мониторинг сайловга тайёргарликнинг барча босқичларини қамраб олади. ФЖШМҚМИ ҳудудий бўлинмаларининг фаолияти сайловолди кампаниясининг бутун мамлакат миқёсидаги холис картинасини яратишга ёрдам берди.
Ҳисоботда таъкидланишича, Ўзбекистонда умумэътироф этилган халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган сайлов қонунчилиги шакллантирилган. Унда фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш, иродасини эркин ифода этиш ҳуқуқлари ишончли мустаҳкамлаб қўйилган.
Президент сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича барча тадбирлар ҳуқуқий меъёрларга ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан 9 сентябрда тасдиқланган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ тарзда амалга оширилмоқда.
Дастурнинг МСК сайтида жойлаштирилиши, шунингдек, брошюра шаклида чоп этилиши ҳамда тарқатилиши сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш имкониятини туғдирди.
Ҳақиқий, адолатли, ҳаққоний ва очиқ сайловнинг ўтказилишига жойларда ваколатли органлар таклиф ва тавсияларига кўра шакллантирилган 14 округ ва 9383 участка сайлов комиссиялари хизмат қилади. Ўз фаолиятида улар мустақил бўлиб, фақат қонунчиликка, шунингдек, МСК низомлари ва кўрсатмаларига таянади.
Фуқароларнинг сайлаш ҳуқуқини тўлиқ таъминлаш мақсадида сайлов участкалари ва тегишли комиссиялар ҳарбий қисмларда, маҳбусларни вақтинча сақлаш жойларида, мамлакатнинг чет элдаги ваколатхоналарида ташкил этилган.
Участка сайлов комиссиялари таркибида ННТ фаолларининг иштироки бир қадар жонланиб, уларнинг миқдори комиссиялар таркибида 10 фоизга етди. Шулардан 4778 нафари хотин-қизлар қўмиталари, 2321 нафари касаба уюшмалари, 3395 нафари «Камолот» ЁИҲ вакилларидир. Шунингдек, комиссияларда Ўзбекистонда истиқомат қилувчи миллат ва элат вакиллари — корейслар, украинлар, руслар, туркманлар, тожиклар, қозоқлар, қирғизлар ва бошқалар иштирок этмоқда (11 фоиз). Аёлларнинг сайлов жараёнидаги фаоллиги ошгани қайд этилмоқда. Уларнинг округ сайлов комиссияларидаги улуши 36,8 фоизни ташкил этади, шулардан 12 нафари комиссиялар раҳбариятида ўтиради. Участка сайлов комиссияларида аёллар улуши 47 фоизни ташкил қилади.
Участка сайлов комиссиялари иштирокчиларининг 60 фоизи сайловга тайёргарлик кўриш бўйича иш тажрибасига эга эканлиги диққатга сазовор.
Сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида МСК ҳузурида Ўзбекистон Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази, округ сайлов комиссиялари қошида пресс-марказлар очилган бўлиб, улар ОАВга сайлов кампаниясини ёритишда ёрдам бериб бормоқда. Бундан ташқари, сайловда иштирок этиш учун 1222 нафар ОАВ вакили аккредитациядан ўтказилди, улар орасида 30 га яқин чет эл медиа компаниялари журналистлари бор.
Ҳисоботда қайд этилишича, сайлов кампаниясида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига сиёсий партиялардан номзодларнинг сайловолди ташвиқоти учун тенг имкониятлар яратилган. МСКнинг махсус қарори билан сайловолди ташвиқоти тартиби аниқ регламентация қилинган, марказий босма ОАВда тенг майдонлар, давлат телерадиоканалларида тенг эфир вақти тақдим этилган.
«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунга кўра, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча тадбирларда, шунингдек, овоз бериш ўтказиладиган биноларда сайлов куни ҳамда овозларни санашда ҳар бир сайлов участкасида сиёсий партиялардан бир нафардан кузатувчи иштирок этиши мумкин. Сайлов куни тўрт сиёсий партиядан 37 мингдан ортиқ кузатувчи иштирок этиши кутилмоқда, шулардан 6 минги ННТ фаоллари бўлади.
ФЖШМҚМИ Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик кўриш жараёнида сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастурининг қабул қилинишини фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ҳамда сайловдаги фаоллиги ошишига хизмат қиладиган ижобий омил сифатида баҳолади. Диққатга сазовори, дастур реализациясига ижтимоий ҳамкорлик асосида ННТлар жалб этилган.
Барча сайлаш ҳуқуқидан тўлақонли фойдаланишини таъминлашга хизмат қилаётган яна бир жиҳат жисмоний имкониятлари чекланган шахслар учун овоз бериш имкониятларининг яратилиши бўлмоқда. Кўзи ожизлар учун Брайль алифбоси асосидаги бюллетенлар ишлаб чиқилди, тадбирлар сурдотаржимадан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда, барча сайлов участкалари пандуслар, имкониятлари чекланган инсонлар овоз беришига мослашган кабиналар билан таъминланган.
Ҳисоботда фуқароларнинг сайловда иштирок этишга тайёрлик даражаси анча юқорилигини (95 фоиз) кўрсатувчи социологик тадқиқот маълумотлари келтирилади. Бу маълумотлар «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази сўровлари натижаларига ҳамда миллий ва чет эл оммавий ахборот воситаларининг таҳлилий маълумотларига мос келади.
Умуман олганда, ҳисоботда қайд этилишича, сайловга тайёргарлик тизимли ва изчиллик билан, қонунчилик ва халқаро стандартларга мувофиқ равишда олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)