Бортида Бразилиянинг «Шапекоэнсе» футбол клуби аъзолари бўлган ҳамда Колумбияда ҳалокатга учраган самолётдан футбол бўйича Аргентина термаси аввал фойдаланган. Бу ҳақда «Атлетико Насьональ» клуби президенти Хуан Карлос де ла Куэста Caracol радиосига берган интервьюсида маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«Ушбу самолёт футбол бўйича Аргентина терма жамоасига ҳам хизмат қилган», – деди Хуан Карлос де ла Куэста.
Лайнер 29 ноябрга ўтар кечаси Ла-Уньон шаҳри яқинида ҳалокатга учради. Ҳаво кемаси бортида 72 йўловчи ҳамда 9 нафар экипаж аъзоси бўлган. Самолёт ичида футбол бўйича Бразилия А сериясида ҳаракат қилаётган «Шапекоэнсе» клубининг 27 футболчиси бўлгани ҳам хабар қилинганди.
«Шапекоэнсе» футболчилари 1 декабрь куни Копа Судамерикано – Жанубий Америка минтақаси клублари ўртасидаги Копа Либертадорес турниридан кейин нуфузи жиҳатдан иккинчи ўринда турадиган мусобақаси доирасида «Атлетико Насьональ» клубига қарши майдонга тушиши керак бўлган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Колумбиядаги авиаҳалокат оқибатида қурбон бўлганлар сони 75 кишига етди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)