АҚШ президентлигига «яшиллар» партиясидан номзод Жилл Стайн бир қатор штатларда овозларни қайта ҳисоблаб чиқиш учун 3 миллион доллардан ортиқ маблағ тўплади. Бу ҳақда 25 ноябрь, жума куни Politico газетаси маълум қилди, деб ёзади «Интерфакс».
Дастлаб Стайн Висконсин, Мичиган ва Пенсильвания штатларидаги овозларни қайта ҳисоблаб чиқиш учун 2,5 миллион доллар тўплашни режалаштирган эди. Ушбу штатлардаги ғалаба республикачи Дональд Трамп учун Оқ уйга йўл очган эди.
Бироқ эндиликда Стайн штаби сайтида хайрия пулларининг ҳисоб-китоби амалга оширилаётган махсус ташкил этилган жамғарма янги мақсад — 4,5 миллион доллар тўплашни олдига қўйди. Ташаббус муаллифларининг таъкидлашича, улар овозлар қайта ҳисоблаб чиқилишига кафолат бера олмайди.
«Агар биз керагидан ортиқ тўпласак, қолган маблағ сайлов тизими ислоҳотини илгари суриш учун сарфланади», — дейилади сайтга жойланган хабарда.
Президентликка собиқ номзод Ҳиллари Клинтон тарафдорлари Мичиган, Висконсин ва Пенсильваниядаги овозларни қўлда ҳисоблаб чиқишга чақирмоқда. Бунда Трампнинг бир қатор округлардаги ғалабаси компьютер тизимини бузиб кириш натижаси эканлиги ҳақидаги эҳтимолни истисно этиш мақсади кўзланмоқда.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)