Ҳиндистон шимолидаги Уттар-Прадеш штатида тезюрар поезд ҳалокатга учраган жойда ишлаётган қутқарувчилар харобалар остидан 133 та жасадни чиқариб олди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
Press Trust of India агентлиги ёзишича, қутқарувчилар ҳалокат ҳудудида ўз ишини якунламоқда.
«133 нафар қурбоннинг жасади топилди, уларнинг 110 нафарининг шахси аниқланди», — деди маҳаллий ҳукумат вакили.
97 та мурда диний маросимлар бўйича дафн этиш учун қариндошларига топширилди. Жароҳатланганлар сони 226 кишини ташкил этди, улардан 76 нафари жиддий шикастланишлар олган.
Аввалроқ Ҳиндистон шимолидаги Уттар-Прадеш штатида тезюрар поезд ҳалокатига рельсдаги нуқсон сабаб бўлгани хабар берилган эди.
2 минг кишини олиб кетаётган 23 вагондан иборат Индор—Патна тезюрар поезди Канпур шаҳридан 100 км масофада Пухрайан станцияси ҳудудида 20 ноябрь куни Тошкент вақти билан 02:30 ҳалокатга учради.
Изоҳ (0)