Россия алоқа операторлари ишбилармонлар ўртасида алоқалар ўрнатишга қаратилган ижтимоий тармоқ — LinkedIn’ни блоклаб қўйди. Бу ҳақда «Роскомнадзор» агентлиги хабар қилди.
10 ноябрь куни Москва шаҳар суди LinkedIn’нинг Россия ҳудудида блокланиши қонуний эканлигини тасдиқлади, негаки ресурс шахсий маълумотларни маҳаллийлаштириш тўғрисидаги қонунни бузган деб ҳисобланмоқда.
«Роскомнадзор»нинг уқтиришича, ижтимоий тармоқ ҳали ундан фойдаланмаётган кишилар ҳақида маълумот тўплаб, уларнинг рухсатисиз тарқатади. Бундан ташқари, регулятор LinkedIn серверларини Россияга кўчирмаганини эслатиб ўтди.
Ўз навбатида, LinkedIn вакиллари ижтимоий тармоқ Россия қонунчилиги талабларини бажариши шарт эмаслигини таъкидламоқда, негаки унинг фойдаланувчилари виртуал нуқтаи назардан «амалда РФ ҳудудидан ташқарида бўлади ва шахсий маълумотларини ўша ерда тақдим этади».
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқ вакилларининг фикрига кўра, платформа фаолиятида фойдаланувчиларнинг ҳуқуқи бузилмайди, негаки улар рўйхатдан ўтиш чоғида шахсий маълумотлардан фойдаланишга рухсат беради.
Изоҳ (0)