Ирландиянинг Инишир ороли яқинида денгиздан топилган шишадаги хат интернет фойдаланувчилари орасида катта қизиқиш уйғотди. Сабаби — бу хабар 2021 йилда йўқолган Тайванга тегишли “Yong Yu Sing No 18” балиқчилик кемаси экипажи билан боғлиқлиги тахмин қилинмоқда.

Маълум қилинишича, маҳаллий фуқаро Метю Ламинг ва унинг дўсти ўтган ҳафтада Инишир оролида сайр қилаётиб, ичида қўлда ёзилган ёзуви мавжуд бир бутилкага дуч келган.
“Google Translate орқали таржима қилганимизда, унинг индонез тилида ёзилган SOS (ёрдам) чақириғи экани маълум бўлди”, деган Ламинг Al Jazeera нашрига берган интервьюсида.
Хабар кейинчалик полицияга топширилган, бироқ Ламинг ўзи ҳам бу топилма ҳақида Reddit ижтимоий тармоғида оммага эълон қилган. Кўп ўтмай, интернет фойдаланувчилари ушбу хабарни 2021 йилда йўқолган тайванлик балиқчилар кемаси билан боғлаган.
Хабарда нима ёзилган эди?
Reddit фойдаланувчиларидан бири таржима қилган хабарда қуйидагилар ёзилган:
“Ёрдам беринг! Биз 12/20 санасидан бери йўқолиб қолганмиз. Биз уч кишимиз. Оролнинг номини билмаймиз. Жароҳатланганмиз. ЁРДАМ. САЛОМ. SOS.”
Хабар “Ли” иероглифи билан якунланган бўлиб, “Yong Yu Sing No 18” кемаси номи ҳам келтирилган.

Кема ва экипаж тақдири ҳали ҳам номаълум
Мазкур кема 2021 йил 1 январда расмий равишда йўқолган деб эълон қилинганди. Унинг эгаси капитан билан 2020 йил 30 декабрь куни сўнгги марта боғланган. Кема орадан икки ҳафта ўтиб Тинч океанидаги Мидуэй оролидан 600 км узоқликда топилган, лекин экипаж ва қутқарув қайиғи изсиз йўқолган.
Тайван прокуратураси воқеани расмий тарзда “бахтсиз ҳодиса” деб баҳолаган, бироқ капитан Ли ва унинг 9 нафар индонезиялик экипаж аъзоси ҳозиргача топилмаган.
Хабар сохтами ёки чин?
Ламингнинг Reddit’даги пости 10 мингга яқин лайк тўплаган. 1200 дан ортиқ изоҳларда фойдаланувчилар хабар ҳақиқий бўлиши эҳтимоли ва кемачилар тақдири борасида турли назарияларни илгари сурган.
Тайванда эса бу хабар жиддий қабул қилинмоқда. “Su’Ao балиқчилар уюшмаси” ҳукуматни ҳолатни текширишга ва керак бўлса халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда қидирув-таҳлил ишларини олиб боришга чақирган.
“Агар хабар чин бўлса, ҳукуматга халқаро ёрдамни жалб қилишда кўмаклашамиз”, дейилади уюшма баёнотида.
Ламинг эса хабар ҳақиқийлигига ҳали ҳам шубҳа билан қарамоқда:
“Биринчи ўқиганимда бу ҳазил деб ўйлагандим. Аммо ҳозир бу чин бўлиши мумкинлигига ишончим ортяпти”, деган у.
Ирландия полицияси топилма бўйича изоҳ бермаган, фақатгина Инишир оролида номаълум буюм топилгани бўйича мурожаат қабул қилинганини тасдиқлаган.
Изоҳ (0)