Тадбиркорлар ва масъуллар иштирокидаги навбатдаги учрашувда фармацевтика соҳасидаги долзарб масалалар кўтарилди. “Laxisam” компанияси асосчиси Шавкат Исмоилов соҳа мутасаддиларини кескин танқид қилди.
“1994 йилдан бери фармацевтика бозорида ишлаймиз. Охирги пайтда шунақанги қийинчиликлар бўляптики, бу тўғрисида гапирмасдан иложимиз йўқ. Сўнгги беш-олти йилдан бери фармацевтика соҳасида кўп корхоналар катта талафот кўряпти.
Бизда завод бор эди. Бу заводни қуриб, 80 йилларда ишга туширган бўлсак, охирги беш йил ичида тақа-тақ тўхтаб турибди. Илгари 130 киши ишлаган бўлса, ҳозир 20 кишини мажбуран беш йилдан бери ушлаб турибмиз. Сабаби — у ерда турган техникалар агар бир-икки кун ишламаса, микроблар кўпайиб, маҳсулотлар яроқсиз бўлади, мажбурмиз ишлатишга.
Беш йилдан бери ойлик тўлаяпмиз, солиқ тўлаяпмиз, ходимларни ушлаб турибмиз. Натижа — нол. Энг асосий муаммо — бу рўйхатдан ўтказиш.
‘Фармкомитет’ деймиз, эскичасига айтганда, ‘Фармпром’ деймиз. Улар бутунлай бефарқ бу муаммога. ‘Фармпром’нинг раисини мен шу ерда ҳозир кўриб турибман. ‘Фармкомитет’нинг раисини ҳам олдин кўрмаганман. Ваҳоланки, илгари булар ҳаммаси ишлаб чиқарувчининг ёнида бўларди, ҳозир эса булар алоҳида дунё, бизлар алоҳида дунёдек”.
“Келинг, кўринг ташкилотни. Эй, қийнаяпти, ёрдам беринг, дейдиган бўлса-чи, келмайди ҳам, қарамайди ҳам. Қанақасига фармацевтика ривожланиши мумкин? Мен алоҳида буларга бўладиган эътирозим шундан иборат.
Фармацевтика соҳасини ташкил қилиш жуда машаққат, лекин уни йўқ қилиш — уч секундлик иш. Ҳозир фармацевтика соҳасида такомиллаштириш, сифат, яна яхшилаймиз деб, соҳани йўқотишга олиб келяпти.
Бирорта янги маҳсулотни ишлаб чиқариш — азоб. Беш-олти йил бурун ‘регистрация субстанция’ деган нарсани киритилди, бундан жуда катта талафот кўрди фарм саноати. Биз дод қилдик, фарёд қилдик, ҳеч ким бизга қулоқ солмади.
Маҳсулотни рўйхатдан ўтказиш жуда қийин. Олдин бизда ишлаб чиқарилган, сичқонда, бошқа ҳайвонларда тестдан ўтган маҳсулотларимиз беш йил тургандан кейин, яна ишлаб чиқарамиз, десак, ‘йўқ, қайтадан регистрация қиласан’, дейди. Бунга бўлса, яна икки-уч йил вақт кетади, камида. Қанақасига ишлаш мумкин? Ишлаб турган нарсани тўхтатиб қўйган бўлсангиз давлат ташкилотлари айби билан, нега биз ҳозир яна қилишимиз керак? Бу ҳаммаси харажат-ку! То қаергача фармкорхоналар бунга чидаши мумкин? Чидаб бўлмайдиган даражага келган.
Бизда ‘Кабмин’нинг қарорига асосан 155 кунда регистрациядан ўтказиш керак, Булардачи? Икки йилгача боряпти. Хоҳласа қилади, хоҳламаса ётибди. Ҳа, нега чўзиляпти, десангиз, мутахассис йўқ, ‘отпуска’да, касал бўлди, бошқа нарса билан шуғулланяпти, қўл тегмаяпти. Бу нима деган гап? 10 минг доллар регистрацияга олади фармкомитет, лекин ўз вазифасини вақтида бажармайди.
Охирги пайтда Фармкомитет қонунга хилоф равишда ДМФ деган ҳужжатни талаб қиляпти. Бу деган сўз нима? Мана, мисол учун, сизларга энди фармацевтикадан узоқ одамлар тушунмаслигингиз мумкин. Масалан, Coca-Cola учта жойда сейфда ўзининг сирини сақлайди, дейишади. Бизникилар: ‘Йўқ, менга ўша ‘секретинг’ни берасан, кейин регистрация қиламан’, дейди. ‘Э, бор-э, сенга керак бўлмаса, сен билан ишламайми’, деб кетиб юборгани қанча. Ахир ҳамма нарсанинг чегараси бўлиши керак-ку!
Етар шунчалик! Фармқўмита, ‘Фармпром’ раисига мурожаат қилмоқчиман: эй, кўзингизни очинглар, қаранглар, қачонгача қийнайсизлар? Ҳаммасининг гапи бир: сифатни кучайтириш, такомиллаштириш. Шиори бошқа, қиладиган иши бошқа. ‘Фармкомитет’, ‘Фармпром’ иш услубини тубдан ўзгартирилмаса, фалокатга боради фарм саноати. Ёки ишланглар, ёки жойни бўшатиб қўйинглар.
Бизда ҳозир олдингига нисбатан 10 баробар ишчиларимиз камайиб кетди. Бизнинг вилоятларда филиаллар бор эди, ҳар бир вилоятда. Ҳозир ёпилиб кетган. Бу Фармқўмитанинг олиб бораётган нотўғри сиёсати, деб биламан. Иш жойи ташкил қилиш ўрнига иш жойлари ёпилиб кетяпти. Дори-дармонлар аҳолидан қочяпти. Бу нима деган гап, ахир?”
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов тадбиркорнинг эътирозлари тўғри эканини таъкидлади. Бироқ йиғилишда Исмоилов айтган масалаларни ҳал этиш бўйича “конкрет” ечимлар тилга олинмади.
Изоҳ (0)