Дунё бўйлаб 2050 йилга келиб жигар саратони билан касалланиш деярли икки баравар ошиши мумкин. Бу ҳақда Глобал Саратон Обсерваторияси тадқиқотига таяниб, The Guardian хабар берди.

Касалликнинг кўпайишига семизлик, спиртли ичимликлар истеъмоли ва вирусли гепатит каби олдини олиш мумкин бўлган омиллар сабаб бўлмоқда. Агар хавф омиллари бартараф этилмаса, йиллик касалланишлар сони 870 мингдан 1,52 миллионгача ошиши мумкин.
Жигар саратони ҳозирда барча саратон турлари орасида ўлимга олиб келиш бўйича учинчи ўринда туради. Тадқиқотга кўра, 2050 йилга келиб ҳар йили 1,37 миллион киши шу касаллик туфайли ҳалок бўлиши мумкин. Бироқ мутахассислар ҳар беш ҳолатдан учтасининг олдини олиш мумкин деб ҳисоблайди.
Асосий хавф омиллари қуйидагилардан иборат:
- спиртли ичимликлар истеъмоли;
- вирусли гепатит (айниқса, Б ва C турлари);
- семизлик билан боғлиқ ёғли жигар касаллиги.
Гепатит Bънинг олдини олишда туғилгандан эмланиш самарали восита ҳисобланади. Бироқ камбағал мамлакатларда эмланиш даражаси пастлигича қолмоқда. Агар бу ҳолат ўзгармаса, 2015—2030 йиллар оралиғида гепатит B туфайли 17 миллион киши ҳаётдан кўз юмиши мумкин.
Прогнозларга кўра, 2050 йилда жигар саратони ҳолатларининг 21 фоизидан ортиғи спиртли ичимликлар билан боғлиқ бўлади. Бу 2022 йилга нисбатан 2 фоизга кўп. Шунингдек, семизлик билан боғлиқ жигар саратони ҳолатлари 11 фоизгача етиши мумкин.
Тадқиқотчилар глобал даражада жигар саратонига қарши кескин чоралар кўриш лозимлигини таъкидламоқда. Хусусан, АҚШ, Европа ва Осиёдаги семизлик ёки диабет билан оғриган одамларга ёғли жигар касаллиги хавфи ҳақида кўпроқ ахборот бериш зарурлиги қайд этилган.
Изоҳ (0)