Россиялик боксчи Александр Поветкин допинг тести ижобий чиққан канадалик Бермейн Стивернга қарши рингга кўтарилишини маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Аввалроқ Бутунжаҳон бокс кенгаши (WBC) Стиверннинг допинг намунаси ижобий чиққанини маълум қилганди. Ташкилот канадалик боксчининг жангини бекор қилмади, аммо уни 75 минг долларга жаримага тортди ва ёшлар ўртасида антидопинг мавзусида 40 соатлик тарғибот ишларини олиб боришга жалб қилди.
«У қандай допинг таъсири остида бўлиши мен учун аҳамиятсиз. 17 декабрь куни рингга чиқиб, жанг қиламан», – деди Поветкин.
Поветкин ва Стиверн ўртасидаги жанг 2016 йилнинг 17 декабрь куни «Екатеринбург-Экспо» кўргазма марказида бўлиб ўтади.
Маълумот учун, 37 ёшли россиялик боксчи профессионал рингда 31 та жанг ўтказиб, 30 тасида (22 тасида нокаут билан) ғалаба қозонган ва 1 тасида мағлубиятга учраган. Стиверн 28 та беллашувдан 25 тасида (21 таси нокаут билан) зафар қучиб, 2 та мағлубият ва 1 та дуранг қайд этган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)