Майк Пенс АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ўтиш маъмурияти раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда The New York Times манбаларига таяниб, «РБК» хабар бермоқда.
Сайланган вице-президент мазкур лавозимда Нью-Жерси губернатори Крис Кристини алмаштирди. Трамп «Пенснинг тажрибаси ва Вашингтондаги алоқалари» тезроқ жамоасини тузиш учун кераклиги сабаб шундай қарорга келгани билдирилмоқда.
Кристи Нью-Йорк собиқ мэри Рудольф Жулиани, истеъфодаги генерал-лейтенант Майкл Флинн билан бирга ўтиш маъмурият раҳбари ўринбосарлигини эгаллайди. Улардан ташқари, маъмуриятга Республикачилар партияси Миллий қўмитаси раиси Рейнс Прибас, PayPal таъсисчиларидан бири Питер Тиль, сайловолди штаби собиқ директори Стивен Бэннон киради. Келлиан Конуэй катта маслаҳатчи бўлади, Хоуп Хикс эса матбуот котиблигини сақлаб қолади.
Politico нашри ўтиш маъмуриятига Трампнинг фарзандлари — Иванка, Эрик ва кичик Дональд Трамп ҳам киришини таъкидламоқда.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)