Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни Бухоро вилояти сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Учрашувни партия вилоят кенгаши раиси Ф. Аминов очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.
Дастурда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, саноатга замонавий технологияларни жорий қилиш ва янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, инвестициявий муҳитни янада яхшилаш ва экспорт ҳажмини кўпайтириш, хусусий мулк ва тадбиркорлик соҳасини кенг ривожлантириш, фермерлик ҳаракатини янги босқичга кўтариш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳаёт сифати ва даражасини изчил юксалтириш, барча давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Дастурда мамлакат иқтисодиётининг юксалишида катта аҳамиятга эга бўлган туризм соҳасини жадал ривожлантириш бўйича дастур қабул қилиш назарда тутилган. Соҳадаги бошқарув тизимини такомиллаштириш, туристлар учун виза бериш ва рўйхатга олиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, янги сайёҳлик маршрутларини яратиш, туризм инфратузилмасининг изчил ривожланишини таъминлаш, соҳага хорижий инвестицияларни жалб этиш, туризмни ривожлантириш бўйича махсус иқтисодий зоналар ташкил этиш зарурлиги қайд этилган.
Бутун мамлакатда бўлгани каби Бухоро вилоятида ҳам барча соҳаларда катта муваффақиятларга эришилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят саноат салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган умумий қиймати 142,5 миллиард сўмлик 470 лойиҳа амалга оширилди, 7 мингдан зиёд иш ўрни яратилди. Қишлоқларда намунавий лойиҳа бўйича қурилган 900 дан ортиқ уй-жой фойдаланишга топширилди.
Марказий Осиёдаги йирик ишлаб чиқариш мажмуаларидан бири бўлган Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши бошланди. Мажмуа таркибига йилига 8,1 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш қувватига эга завод, шунингдек, 114 қазиш қудуғи, 11 махсус майдон ва 4 йиғув пунктини ўз ичига олган табиий газни тўплаш тизими киради. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон газ конларини ўзлаштиришни янги босқичга кўтаради. Заводда 2 мингдан зиёд доимий иш ўрни яратилади.
Видеоконференция тарзида ўтказилган йиғилишда вилоятнинг барча шаҳар ва туман марказларидаги сайловчилар билан очиқ мулоқот бўлди.
Меҳнат фахрийси Б. Жумаев, Пешку туманидаги «Малишояк» фермер хўжалиги раҳбари С. Жумаева, меҳнат фахрийси М. Рафиқов, Олот туманидаги "Ҳиммат" фермер хўжалиги раҳбари Қ. Худоев ва бошқалар тарихан қисқа даврда мамлакат ҳар томонлама ривожланаётган замонавий давлатга айлангани, одамларнинг ҳаёт даражаси, дунёқараши ва маданияти тобора юксалиб бораётганини фахр билан таъкидлади. Президент сайловига тайёргарлик кўриш жараёнлари миллий қонунчилик ва халқаро демократик тамойилларга мос равишда ўтаётганини қайд этди. Сайловчиларни 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ (0)