Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлишни истаган давлатлар сони кўпайиб бормоқда, бу эса ташкилот нуфузи ошиб бораётганидан далолат беради. Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Бишкекда бўлиб ўтаётган ШҲТга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг йиғилишида бу ҳақда маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Биз катта миқёсдаги ишларни биргаликда амалга оширяпмиз. ШҲТ қанчалик мустаҳкам бўлса, дунё шунчалик барқарор бўлиб бораверади. Ҳиндистон ва Покистоннинг ташкилот таркибига қабул қилиш ҳақидаги қарор унинг салоҳияти ортишига олиб келади. Келгусида фаолиятимиз бирмунча осонроқ кечади, чунки Уфада ШҲТнинг тараққиёт стратегиясини қабул қилдик. Биз яқин 10 йил мобайнидаги ҳаракатлар аниқ белгилаб қўйилган ушбу стратегияга қатъий амал қилишимиз зарур», — дея таъкидлади Атамбаев.
Бишкекда бўлиб ўтаётган ШҲТ ҳукумат раҳбарларининг 15-йиғилишида Россия, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон ва Тожикистон бош вазирлари иштирок этмоқда. Ўзбекистон делегациясини бош вазирнинг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов бошқармоқда.
Изоҳ (0)