Мадриднинг “Реал” клуби Испания Ла Лигаси 2-туридан ўрин олган учрашувда “Овьедо” устидан йирик 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Хаби Алонсо шогирдлари Килиан Мбаппенинг дубли ва Винисиус Жуниорнинг бир голи эвазига уч очкони қўлга киритди. Натижада, “қаймоқранглилар” икки турдан сўнг 6 очко жамғариб, мусобақа жадвалида пешқадамлик қилмоқда.

Opta статистик портали маълумотларига кўра, “Реал Мадрид” сўнгги 10 йил ичида илк бор Ла Лига стартидаги дастлабки икки ўйинда ҳам дарвозаси дахлсизлигини сақлаган ҳолда ғалаба қозонди. Охирги бор бундай натижа 2015/16 йилги мавсумда кузатилган. Ўшанда мадридликлар нафақат дастлабки икки, балки кетма-кет тўрт учрашувда дарвозасидан тўп олиб чиқмаган эди. Улар ўша мавсум 5-турга келиб “Атлетик Бильбао”ни сафарда 2:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса-да, дарвозасидан гол ўтказиб юборганди.
Умуман олганда, “Реал” XXI аср давомида тўртинчи марта мавсумнинг дастлабки 2 турида гол ўтказиб юбормаяпти. Клуб ташкил қилингандан бери бу ҳолат 7 марта юз берган.
Маълумот учун, мадридликлар айни пайт “Вильярреал” ва “Барселона” билан биргаликда Ла Лига турнир жадвалида биринчи ўринни эгаллаб турибди. Уларнинг барчасининг ҳисобида 6 очко мавжуд.
“Қироллик клуби” чемпионат доирасидаги навбатдаги учрашувни 31 август куни “Мальорка”га қарши ўтказади.
Изоҳ (0)