Мадрид шаҳри расмийлари Буюк Британиянинг Евроиттифоқдан чиқиш — Brexit референдумидан сўнг штаб-квартираларини бошқа жойларга кўчираётган компанияларни қулай иқлим шароити ҳамда меҳнат қонунчилиги, арзон кўчмас мулк ва ҳатто футбол билан ҳам жалб қилмоқчи. Бу ҳақда Financial Times’га таяниб, «Интерфакс» хабар бермоқда.
Франкфурт, Париж ва Дублиндан фарқли равишда Испания пойтахти «кўчаётган-бизнес» оқими йўл олаётган етакчи шаҳарлар сафига кирмайди. Шунга қарамай, Мадрид расмийлари ва Испания ҳукумати юқоридаги таклифлар Буюк Британия компанияларига ижобий таъсир қилишига умид қилмоқда.
Шимолда жойлашган Европа мамлакатларининг пойтахтларидан фарқли ўлароқ, Мадрид иқлим устунлигига эга. Испания пойтахтида йил давомида атиги 58 кун ёғингарчилик бўлади. Амстердамда ушбу кўрсаткич 185, Парижда 164, Дублинда 129, Франкфуртда эса 111 кунни ташкил этади.
Июль ойида Мадриднинг ўртача ҳаво ҳарорати 26,5 даража бўлса, Парижда бу кўрсаткич 15,5, Франкфуртда эса 14 даражани ташкил қилади. Бундан ташқари, Британия компанияларига Мадриднинг кечки ҳаёти, мазали таом ва машҳур спорт жамоалари ҳақида маълумот берилмоқда.
Изоҳ (0)