БМТ ташкилотнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳи ҳудудида намойишга қўйилган санъат асарлари ва бошқа экспонатлар ҳақида биринчи интерфаол маълумотномани тақдим этди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
iOS ва Android операцион тизимларида ишлайдиган қурилмалар учун мўлжалланган бепул мобил дастурни фойдаланувчилар Apple App Store ва Google Play Store мобил дастурлар дўконларидан юклаб олиши мумкин.
БМТ ўзининг 71 йиллигини шу йўл билан нишонлади — 1945 йил 24 октябрь куни бутунжаҳон ташкилоти Низоми кучга кирган эди. Мазкур сана ҳар йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти куни сифатида нишонланади.
Мобил дастур фойдаланувчилар эътиборига БМТнинг Манхэттендаги ташрифчилар учун очиқ ҳудудлари, хусусан, Бош Ассамблея биноси биринчи қавати, сайёҳлик маркази ва хиёбон ҳудуди хариталарини ҳавола қилади.
Харитада кўрсатилган ҳудудда мавжуд санъат асарлари ва бошқа осори-атиқалар жойлашган нуқталар кўрсатилган бўлиб, нуқта устига босилса, экспонатнинг қисқача таърифи ҳақида маълумот чиқиб келади.
БМТнинг экспонатлар коллекцияси умумий ҳисобда бир неча ўнлаб санъат асарларидан иборат бўлиб, уларнинг бир қисми бош қароргоҳ вестибюлларига, яна бир қисми эса хиёбонга ўрнатилган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)