Берлинда бўлиб ўтган «норманд тўртлиги» саммитида Россия президенти Владимир Путин ва Украина давлат раҳбари Пётр Порошенко бир-бири билан ўшқириб гаплашмаган. Бу ҳақда Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди, дея хабар бермоқда «РБК».
«Ҳеч қандай ўшқириб гаплашиш бўлгани йўқ. Тўғри, суҳбат мураккаб кечди, айни вақтда у етарли даражада ишчи ва самимий руҳда ўтди», — деди Песков.
«Ўшқириб гаплашиш» ҳақида музокараларда қатнашган Украина делегациясидаги манбага асосланиб, Украинанинг «Liga.net» портали хабар берган эди. Нашр маълумотларига кўра, томонлар «беш соат давомида мунозара қилган», баъзан бу мунозаралар «ўшқириб гаплашиш»га айланиб кетган.
Хусусан, манбалар берган маълумотга кўра, суҳбат давомида Порошенко гўё Путинга мурожаат қилиб, украиналик ҳарбийларни ўққа тутишни тўхтатишни талаб қилган. «Йўқ, сен шунчаки отишни тўхтатгин!», — деган Порошенко.
Эслатиб ўтамиз, «норманд тўртлиги»нинг Берлиндаги саммити 20 октябрь куни бўлиб ўтди. Унда Франция президенти Франсуа Олланд, Германия канцлери Ангела Меркель, Путин ва Порошенко қатнашди. Бу 2015 йил октябридан бери ўтказилган илк шундай йиғилиш бўлди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)