Бугун интернетга кирсанг бир мавзунинг фаол муҳокамасига дуч келасан: «Ана, Тошкент шаҳар ҳокими ажрашаётган оилаларни телевидениеда кўрсатармиш. Бу одамларнинг ҳуқуқини поймол қилишнинг ўзгинаси!»
Жуда осон эканда-а?
Ростдан ҳам ажрашаётганларнинг ҳуқуқлари бузиладими?
Хўш, нима учун бундай баёнот билан чиқилди? Бекорга, бежизга эмасдир...
Авваламбор, битта рақамни қайд этамиз — охирги беш йилда Тошкент шаҳрида оилавий ажримлар сони уч баробарга ошган! Айни вақтда, бир йиллик ҳисоб-китобларга қараганда, ажримлар сони 32,4 фоизни ташкил этаётир.
Ҳар йили ўртача 4000 дан 4500 гача оилада ажрим қайд этилмоқда. Ўтган тўққиз ойликда 3442 та оила ажрашди! Бугунги кунда оилавий ажрим бўича 779 та иш судлар ҳамда ФҲДЁ бўлимларида кўриб чиқиш жараёнида. Ушбу оилаларда 489 нафар вояга етмаган фарзанд бор!
Хўш, биз қаёққа қараб бормоқдамиз? Агар шу зайлда кетаверса, ажримларнинг фоизи ошиб боришига шубҳа йўқ. Интернетда ақлли бошлар жуда кўп. Айниқса, донолик қилиб бундай ажримларга етишмовчиликни бош сабаб қилиб фол очаётганларга қарата бошқа гап бор:
Ажримларнинг бош сабаби — етишмовчилик, оилани боқа олмаслик эмас! Уларнинг аксарияти ўзига тўқ, бойлиги ўзига етарли хонадонларда юз бераётир. Ҳоким буни «Тўқликка шўхлик» деб атади.
Бу айни тўғри баҳо!
Оилавий ажримларнинг сабабларини таҳлил қилар эканмиз, уларнинг баъзида ўта арзимас, айтишга, баҳона қилишга тилинг бормайдиган важлар эканига дуч келиш мумкин.
Эмишки, «келин овқатни шўр пиширармиш», эмишки, «келиннинг сепи муносиб келмаганмиш», эмишки, «келиннинг отаси куёвга яхши ёрдам бермасмиш...», «олти ойда машина совға қилмоқчи бўлган қайнота ўз ваъдасида турмабди»...
Ундан ҳам олдин: Бир курсдошим бўйи етган қизига келаётган совчиларнинг бераётган саволларини санаб берганида ҳайратдан ёқа ушладим: Қизингизнинг сепини кўрайлик.
Қайси бутикдан кийинасизлар?
Майли, келин қиламиз-у, фақат қизингизни бирон ҳашамдор ҳовлидан чиқарасизлар, чунки бизга домдан келин тушириш уят...
Энг ажойиби, совчилардан биронтаси ҳой, қизинг қаерда ўқиган, овқат қилишга, тикиш-бичишга қандай, қўлида бирор ҳунари борми, деган савол бермаган... Ҳайрон қоларликми? Айтинг, бу кетишда борар манзилим қайси тарафда?
Тўйга келамиз: Тўйнинг бугунги исрофгарчилиги асли нимага керак? Кўзимиз билан кўряпмиз — исроф бўлаётган ноз-неъматларни... Шуни исроф қилмай, меъёрида қилсак нима бўлади, ахир?
Сабабларнинг энг кўнгилга оғриқ берадигани ва энг асосийларидан бири қайноналарга бориб тақалади. Эътибор беринг: Қайнона — она!
Шаҳар ҳокимининг ўринбосари Фарида Йўлдошевнанинг хонасида бир масалани фикрлашиб тургандик, қабулхонадан йиғи-сиғи овози келди. Эшикни очсам, тўладан келган, ёши қирқлар атрофидаги аёл ва ёнида афтидан, унинг қизи... котиба қиз Санобарга бир нималар деб, баланд овозда гапиряпти. Қўлида рўмолча, кўзларида нам.
«Келинг, келинг», қилиб уни ичкарига таклиф этдик.
Хуллас, бу аёл етти-саккиз йил бурун ажрашган, бир ўғил ва икки нафар қизи бор экан. Ўша қизларнинг иккинчиси ёнида келгани, у шаҳардаги коллежлардан бирини икки йил олдин тугатган, аммо ҳали паспорт ололмаяпти. Негаки, у ҳеч қаерда рўйхатда турмайди. Аёлнинг тил-забони тетиккина, чамаси унча-мунчага тан берадиганмас, у собиқ эрининг ҳовлисида яшаркан. Қайнонаси икки кенжа қизнинг рўйхатга қўйилишига розилик бермаяпти.
Мана, сарсонгарчиликнинг моҳияти. Дарҳақиқат, уй қайнонанинг номида, қонунан унинг мулки, унга дахл қилиш қонунга хилоф. Демак, агар кимдир унинг уйига рўйхатга кирса, унинг муайян ҳуқуқини бузади.
Майли, бу келинда айб бордир, у асосий сабабчи ҳамдир, бунисига бирон нарса дейишга ҳаққимиз йўқ. Аммо норасида икки қизнинг ҳуқуқи-чи? Уни ким ўйлайди?
Мурожаат қилиб келган аёлнинг сўзларига қараганда, ғурбатдан безиб кетган қиз икки бора ўз жонига қасд қилиб турганида тўхтатиб қолинган.
Баъзи ҳуқуқни пеш қилувчилар ҳокимнинг телевидениеда кўрсатиш борасидаги фикрларига дарров «оқилона баҳо» беришга шошилишяпти. Аммо нотўлиқ оилаларнинг ҳар бирида икки-уч нафардан вояга етмаган фарзанд борлигини ким ўйлайди?
Ҳоким мутасаддиларга қарата бир гапни ачитиб айтди: «Ўша норасиданинг ўрнига ўз болангизни қўйиб кўринг!»
Боланинг рўйхатга қўйилиш «ҳуқуқи» бир сари. У отасиз оилада ҳаётдан рози бўлиб ўсадими? Отасининг меҳрига тўймаган бола қандай тўлақонли инсон бўлиши мумкин? У мактабдаги синфдошлари орасида уларга тенг бўлолмай, камситилган, ўкситилган ҳолда улғаяди. Унинг ейиш-ичиши, кийиниши, туғилган кунлари, орзу-ниятлари... ҳаммаси поймол бўлади-ку, ахир! Улар ўнлаб эмас, юзлаб, ҳатто минглаб! Бундай муҳитда ўсган йигит-қизлар эртага шу она шаҳримизнинг кунига ярайдиган, истиқболли фарзандлари бўлишига ким ишонади?
Билсангиз, ҳозир турли хориж мамлакатларига чиқиб, ном-нишонсиз юрган, ўлиги ёки тиригидан хабар йўқ йигит-қизларнинг аксарияти ҳаётдан норизо бўлиб вояга етганлардир. Билсангиз, уларнинг кўпчилигига хурсандчилик, бахтли яшаётганларнинг ҳаёти ёқмайди! Уларнинг кўпчилиги эртага жамият учун хавф келтириши мумкин! Хўш, энди айтинг, кимнинг ҳуқуқини ҳимоя қилмоқ керак? Кимнинг ҳуқуқи поймол бўляпти?
Келинини хўрлаб оёқости қилаётган қайнона телевидениега чиқишга ор қиладими?
Элнинг олдига чиқиб на динда, ва на дунёвий ҳаётда энг қора қилмиш бўлмиш — оиласидан воз кечишга қарор қилган йигитда ор бўлиши мумкинми? Айниқса, боласини ўз ҳолига ташлаб, кўчага чиқарганларнинг виждони, уяти бўлишига ишониш қийин. Гап ота-она, келин-куёвнинг ўзида бўлса ҳам майли эди...
Имконияти бўла туриб, болаларини кўчага ҳайдаб қўйган, йиллаб алимент тўловларини тўламайдиган йигитнинг асли йигитлик ғурури, шаъни, бурчи қаёқда қолди?
Очиғи, оилаларимизда, минг афсуски, оталарнинг ва йигитларнинг қадимдан миллатимизга хос бўлиб келган эгалик ўрни йўқолиб боряпти.
Ўз онасини Қариялар уйига обориб қўйган бир нуфузли вазирликнинг лавозимли ходимини айнан Фарида Йўлдошевна шахсан вазирга қўнғироқ қилиб «хатосини тузаттиргани»га гувоҳман.
Хўш, биз қай томонни қоралаб кетмоқдамиз?
Дарҳақиқат:
Тошкент шаҳар ҳокимининг ўша йиғилишда айтилган қарори имзоланди. Жорий йилнинг 20 октябрида чиққан 947-сонли қарор «Тошкент шаҳрида оила муносабатларини мустаҳкамлаш ва никоҳдан ажратиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирларни амалга ошириш, бунда тегишли давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини янада кучайтириш тўғрисида» деб номланган.
Энг аввало, шаҳар ва туманлар кесимида тузилган ишчи гуруҳларига оилавий ажримларнинг олдини олиш борасида чуқур таҳлиллар олиб бориб, оила қураётган шахсларнинг мажбурият ва масъулиятини ошириш, ажрим қайд этилган ҳолатда биринчи навбатда вояга етмаган фарзандларнинг уй-жой билан таъминланиши, алиментнинг тўлиқ ундирилишига эришиш, ундан бўйин товлаш ҳолатларига қарши амалдаги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилмоқда.
Имконияти бўла туриб, оиласи, фарзандларини уй-жой билан таъминламаган, оиласини моддий қийин аҳволга солиб қўйган эркаклар, фоҳишабозлик билан шуғулланиб оилаларнинг ажримига сабабчи бўлаётган аёллар кенг жамоатчилик орасида муҳокама қилинади. Бир ой муддатда уй-жойсиз қолган вояга етмаган фарзандлар мониторинг қилиниб, уларнинг оталари томонидан уларга бошпана қилиб бериш масаласида жиддий иш олиб бориш масаласи ҳам илгари сурилмоқда.
Қарорда тўйдан кейин келинни бир ой муддатда (агар Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда турса) куёв яшайдиган хонадонга (бу хонадон кимнинг мулки бўлишидан қатъий назар) рўйхатга қўйиш борасида вазифалар қўйилган. Умуман, бу борада ҳам келинлар ва вояга етмаган фарзандларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича кескин иш олиб борилади.
Ушбу ҳужжатда ҳар бир туманда энг кўп оилавий ажримлар қайд этилган ўн бир маҳалланинг рўйхати келтирилмоқда. Булар:
Бектемирда «Миришкор»;
Мирободда «Иноқобод»;
Мирзо Улуғбекда «Авайхон»;
Олмазорда «Қўштут»;
Сергелида «Зийнат»;
Учтепада «Қори ёғди»;
Чилонзорда «Нафосат»;
Шайхонтоҳурда «Янгиобод»;
Юнусободда «Беғубор»;
Яккасаройда «Дамариқ»;
Яшнободда «Аҳмад Яссавий».
Мазкур маҳаллаларда 2017 йилнинг 1 январига қадар ишчи гуруҳлар кенг жамоатчилик, маҳалла оқсоқоллари ҳамкорлигида профилактика тадбирларини ўтказишади.
Қарорда эрта никоҳ, «шаръий никоҳ» бўйича ҳам қатор чоралар кўриш белгиланган. Бундан буён тўйхоналар келин-куёвнинг ёши, ФҲДЁга ариза берилгани, ўрта-махсус ўқув юртида таҳсил олаётгани ва ҳоказо маълумотларни талаб қилади. Касб-ҳунар коллежларида ўқиётган қизларнинг турмушга чиқиши ҳолларига барҳам бериш масаласи ҳам кескин қўйилган.
Ишчи гуруҳига касб-ҳунар коллежлари, академик лицейларда айнан қизларни оилага тайёрлаш йўналишида турли факултатив машғулотлар, оила тўгараклари ташкил этиш бўйича мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида таклифлар тайёрлаш вазифаси қўйилган.
Никоҳ тўйларини ортиқча чиқимларсиз, исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўтказиш бўйича ҳам тегишли талаблар илгари сурилмоқда.
Энг муҳим жиҳатлардан бири, таҳлиллар ва хулосалардан келиб чиқиб, намунавий никоҳ шартномасининг лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қонунларда уни мажбурий равишда тузиш бўйича нормаларни назарда тутувчи янгиликлар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлаш масаласи ҳам кун тартибига қўйилмоқда.
Хулоса ўрнида шуни алоҳида қайд этиш лозимки, оила ўзбек халқининг муқаддас санайдиган қадриятидир. Уни асраб-авайлаш нафақат бугунги юрт осойишталиги, жамиятдаги аҳиллик, бирликка хизмат қилади, балки эртанги авлодлар учун ҳам бебаҳо, беқиёс бойликдир. Шундай экан, оилавий ажримлар давлат ҳокимияти органлари ҳамда жамоатчиликнинг кун тартибидаги энг биринчи ва бош масаласидир.
Шаҳар ҳокимлиги айни мана шу мезон билан баҳолаган ҳолда ҳаракат қилмоқда.
ПС: Дарҳақиқат, бу борада жамоатчилик, аҳолининг, ҳар бир ҳамюртимизнинг жонкуярлик, чуқур таҳлил ва асосга суянувчи, амалий таклиф ва мулоҳазаларини эса кутиб қоламиз.
Ҳусан Эрматов
Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Ахборот хизмати раҳбари
Изоҳ (0)