Саудия Арабистонида шаҳзода Турки бин Сауд ал-Кабирга нисбатан ўлим жазоси ижро этилди. Қироллик оиласи аъзосининг қатл этилиши монархия тарихида биринчи марта юз берди, деб ёзади Frans Press агентлиги.
Ал-Кабирга нисбатан ҳукм Саудия Арабистони олий ва апелляция суди томонидан тасдиқланди, шунингдек, унинг қатл этилиши учун қирол фармойиши чиқарилди.
2014 йилда суд шаҳзода Турки бин Сауд ал-Кабирни Ар-Риёд яқинидаги шаҳарчада бир гуруҳ кишилар ўртасида юзага келган муштлашувда Саудия Арабистони фуқаросини ўлдиришда айбдор деб топди. Жанжалдан сўнг ўлдирилган одам шаҳзоданинг дўсти эканлиги аниқланган. Маҳаллий ОАВларнинг маълум қилишича, воқеа жойига полицияни Ал-Кабирнинг ўзи чақирган. Шундан сўнг у қўлга олинган.
Саудия Арабистонида амал қилувчи шариат қонунларига кўра, қотиллик, гиёҳвандлик воситалари контрабандаси, қуролланган ўғрилик, номусга тегиш ва худога шак келтиришга нисбатан ўлим жазоси тайинланади.
Жорий йилда Турки бин Сауд ал-Кабирнинг қатл этилиши ҳисоб бўйича 134-ўлим жазосининг ижроси бўлди.
Изоҳ (0)