Покистоннинг Исломобод шаҳрида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Тадбир Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчихонаси ҳамда Покистон Тинчлик ва дипломатия институти томонидан ташкил этилди, деб хабар беради «Жаҳон».
Тадбирда Покистон Миллий Ассамблеяси депутатлари, вазирлик ва идоралар, жамоатчилик ва экспертлик доиралари вакиллари, мамлакатда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ходимлари иштирок этди.
Анжуман иши Ислом Каримов хотирасига бир дақиқа сукут сақлаш билан бошланди. Тадбир давомида Биринчи Президенти ҳаёти ва фаолиятига бағишланган фотокўргазма ташкил этилди, шунингдек, мустақиллик йилларида Ўзбекистон эришган ютуқлар акс этган видеолавҳа намойиш этилди.
Покистон ташқи ишлар вазири ўринбосари, мамлакатнинг Тошкентдаги собиқ элчиси Воҳид ал-Ҳассан ўз чиқишида ўзбек халқи нафақат Президентини, балки ўзбек миллатининг асосчисини, Покистон эса ишончли дўстини йўқотганини таъкидлаб ўтди.
У Тошкентдаги фаолияти йилларини, шунингдек, Ислом Каримов билан учрашувини илиқлик билан эслади. У Ўзбекистонда Ислом Каримовнинг шахсий ташаббусига кўра ишлаб чиқилган ва амалга оширилган кенг миқёсли сиёсий ва социал-иқтисодий ислоҳотларга гувоҳ бўлганини айтди.
Воҳид ал-Ҳассан Исломобод Ўзбекистон билан ҳамкорликка катта эътибор қаратиши ва Тошкентни минтақадаги ишончли шериги сифатида кўришини айтиб ўтди.
Ўз чиқишининг якунида у Покистон ҳукумати номидан Ислом Каримовнинг оиласига, Ўзбекистон ҳукуматига ва халқига самимий ҳамдардлик изҳор этди.
Ўз навбатида, Покистон Миллий Ассамблеяси депутати Гоус Баҳш Моҳир Покистон ва Ўзбекистонни чуқур маданий илдизлар боғлаб туришини, бу эса икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишини алоҳида қайд қилиб ўтди.
Моҳир Ислом Каримовнинг фаолиятига юксак баҳо берди, айниқса унинг минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, мамлакат иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини эътироф этди. Унинг фикрича, Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилган самарали ташқи ва ички сиёсат Ўзбекистоннинг жаҳоннинг шиддат билан ривожланаётган мамлакатлари қаторига қўшилишига замин яратди. Депутат ҳар сафар Ўзбекистонга борганида улкан ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларга гувоҳ бўлишини таъкидлади.
«Ислом Каримовнинг Ўзбекистоннинг гуллаб-яшнаши, тинчликнинг мустаҳкамланиши ва тараққиётга эришилишига қўшган ҳиссаси инсонларнинг юрагида сақланиб қолади. Унинг халқ фаровонлигини ошириш бўйича доимий саъй-ҳаракатлари улкан ҳурматга сазовор», — таъкидлади у.
Изоҳ (0)