Mercedes-Benz концернининг бўлажак автобошқарувдаги машиналари бу пиёдалар ҳалокатига олиб келган тақдирда ҳам машина ичидаги ҳайдовчи ва йўловчиларни ҳимоя қилади. Бу борада компаниянинг ҳайдовчига кўмак тизимларини ишлаб чиқиш бўйича бошлиғи Кристоф фон Хьюго баёнот берди, деб хабар қилади TJournal.
Унинг сўзларига қараганда, автомобиль фавқулодда вазиятда икки қарордан бирини мустақил равишда қабул қилади. Бу ҳолда ҳимоя тизими ҳайдовчи ва йўловчиларни қутқаришга йўналтирилади. Фон Хьюгонинг тушунтиришича, бу харидорлар диққатини тортиш учун ўйлаб топилган қадам бўлмай, аварияларнинг кутилмаган характерига жавобдир. Шу боис сунъий онг ҳеч бўлмаганда машинадагиларни қутқариб қолишга интилади.
«Тизим автомобилни қурбон бериши мумкин эди, аммо бунда у кўчадаги одамларни қутқариб қолса бўладими, йўқми, билмайди. Бизнинг ҳолатда қутқарилиши аниқ бўлган одамлар сақлаб қолинади», — тушунтирди у.
Автобошқарувдаги машиналарнинг ишлаш принципи «вагонетка муаммоси»ни эслатиб юборади. Ушбу хаёлий тажрибада бир инсонни қурбон қилиб, бир неча кишини қутқариб қолиш дилеммаси кўриб чиқилади.
Science томонидан ўтказилган тадқиқотда кўпчилик сунъий онг ЙТҲ чоғида қурбонлар сонини имкон қадар камайтириши лозимлигини маъқуллади. Шу билан бирга, сўровдан ўтказилган ҳайдовчилар пиёдаларни эмас, уларни қутқариб қоладиган машиналарни маъқул топишини тан олди.
Изоҳ (0)