Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ракеткаси, Tashkent Challenger мусобақасининг икки карра ғолиби Денис Истомин 2016 йилги турнир финалида россиялик Константин Кравчукдан мағлуб бўлди. Кравчук 18 йилдан буён ўтказиб келинаётган турнир тарихида ғолибликни қўлга киритган илк россиялик теннисчи бўлди, деб ёзди «Оламспорт».
Мукофот жамғармаси 125 минг АҚШ доллари бўлган турнирнинг жуфтлик беллашувларида Денис Истомин россиялик шериги Михаил Елгин билан бош совринни қўлга киритганди. Яккалик финалида эса у Константин Кравчукдан 5:7, 4:6 ҳисобларида мағлуб бўлди.
Кравчук ғалабани қўлга киритгач сўз олиб, ғалаба учун Денис Истоминдан узр сўраган. Унинг қайд этишича, Денис 14 октябрь куни 3 та ўйинда майдонга тушиб, қаҳрамонлик кўрсатди. Бу эса осон эмас.
Бир кун аввал учта учрашув ўтказган Истомин, Кравчукка қарши ўйин вақтида белидан кичик жароҳат олгани айтиб ўтилган. Шунга қарамай ўзбекистонлик ракетка устаси мағлубиятга фақатгина ўзи айбдор эканини тан олган.
Маълумот учун, Истомин турнирнинг амалдаги ғолиби ҳисобланади. У мазкур мусобақа бош совринини икки бор қўлга киритган.
Турнир регламентига кўра, финалда ғолибликни қўлга киритган Кравчук 18 минг долларни ўзиники қилиб олди. Истоминга эса шунинг ярми насиб қилди. Дунё теннис рейтингида 102-ўринда бораётган россиялик теннисчи 125 рейтинг очкосини ишлаб олган бўлса, ундан бир ёш кичик бўлган Истомин 75 рейтинг очкосига лойиқ кўрилди. 30 ёшли ракетка айни вақтда дунё теннисчилари орасида 125-поғонадан жой олган.
Жуфтлик беллашувларидаги ғолиблиги учун Истоминга 7 750 доллар ва яна 125 рейтинг очкоси берилган.
Изоҳ (0)