Малайзия полицияси ва қутқарувчилари камида 13 нафар одами бўлган балиқчилик кемасини қидиришни бошлади. Дастлабки маълумотларга кўра, кема мамлакат шарқидаги Сабаҳ штати атрофида жойлашган оролларда йўқолган. Бу ҳақда «ТАСС» хабар берди.
Кема эгаси полицияга 9 октябрь, якшанба куни кечки пайт мурожаат этди. У экипаж билан алоқа бундан икки кун аввал йўқолганини маълум қилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари мазкур ҳолат бўйича ҳозирча ҳеч қандай тахминларни илгари сурмади.
Маълумот учун, Сабаҳ штати Сулу денгизи орқали Филиппиннинг «Абу Сайяф» террорчилик гуруҳи фаол ҳаракат қиладиган жанубий штатлари билан чегарадош ҳисобланади. Жангарилар кемаларга ҳужум уюштириш ва гаров пули олиш учун денгизчиларни ўғирлаш билан ҳам шуғулланади.