Ироқ олий суди ҳукуматнинг мамлакатда вице-президент лавозимини бекор қилиш ҳақидаги қарорини конституцияга зид деб топди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Мамлакат ҳукуматидаги бир неча йирик давлат лавозимларини йўқотиш тўғрисидаги фармон ўтган йил 16 августида қабул қилинганди. Мазкур ҳужжатга кўра, Ироқда вице-президент ва бош вазир ўринбосари лавозимлари бекор қилинди.
Ушбу қарор вице-президент лавозимини эгаллаб турган собиқ бош вазир Нури ал-Маликий, парламент собиқ спикери Усама ан-Нажафий ва собиқ ўтиш ҳукумати раҳбари Айяд Алавийни мансабларидан маҳрум этганди.
Ўзгаришлар ташаббускори бўлган Ироқ бош вазири Ҳайдар ал-Ободий ўшанда ўз қарорини коррупцияга қарши курашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилиши билан изоҳлаганди.