Испания шарқидаги Валенсия пляжларидан бирида қутқарувчилар чўкаётган сайёҳ аёлнинг илтимосини эътиборга олмади. Уларнинг сўзларига қараганда, Буюк британиялик саёҳатчи аёл ёрдам сўраб етарлича фаол чақирмаган. Бу ҳақда The Local портали маълум қилди.
Ҳодиса жорий йилнинг июнида юз берган. Бироқ унинг тафсилотлари яқинда Англиянинг Гэмпшир графлиги Бейсингсток шаҳар судидаги жараёндан сўнг маълум бўлди.
Жули Дадхилл ва унинг турмуш ўртоғи Энди денгизда сузишга қарор қилган. 51 ёшли эркакнинг эслашича, у қирғоққа қайтгандан сўнг унинг рафиқаси мустақил равишда қуруқликка ета олмаслигини маълум қилган.
Энди пляждаги навбатчи қутқарувчиларга мурожаат қилган. Бироқ улар агар аёл ёрдамга муҳтож бўлса, қўлларини фаол силкитган бўлишини маълум қилди. Ниҳоят британиялик ўзини сувга ташлагандан сўнг қутқарувчилардан бири унинг ортидан йўл олган. Аёлни қирғоққа олиб чиқишганда, у аллақачон ҳалок бўлган эди.
Суд аёлнинг ўлимига бахтсиз ҳодиса сабаб бўлганлиги ҳақида қарор чиқарди.
Расмий маълумотларга кўра, йил бошидан август охирига қадар Испания пляжларида 321 киши чўкиб кетган. Бундай ҳодисаларнинг 86 фоизи қутқарувчилар навбатчилик қилмаган ҳудудларда юз берган.
Изоҳ (0)