Республика Киночилар уйида «Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмаси асосида суратга олинган «Толиққан кўнгиллар ойга талпинар» номли бадиий фильм премьераси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Фильмни тасвирга олиш Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида бўлиб ўтди. Картинада кексалик остонасида турган Эркин, Шавкат ва Убайдулла исмли уч дўстнинг ҳаёти, уларнинг ўй-кечинмалари ҳақида ҳикоя қилинади.
Кунлардан бирида улар тоғлар бағридаги сирли масканнинг дарагини эшитиб, уни ўз кўзлари билан кўриш ниятида сафарга отланади. Йўлда улар бир қанча ғаройиб ҳодисаларга дуч келади, ўзига хос табиатли одамлар билан учрашиб, ҳамсуҳбат бўлади. Сермашаққат ва мароқли кечган сафар натижасида ҳаётнинг мазмун-моҳияти ҳақида ўзларини қийнаган саволларга жавоб топади.
Сценарий муаллифи ва режиссёр – Собир Назармуҳамедов. Бош ролларни Эркин Комилов, Муҳаммадсоли Юсупов, Карим Мирҳодиев, Бернард Назармуҳамедов, Тоҳир Миралиев, Дилором Каримова каби актёрлар ижро этган.
Изоҳ (0)